Гаагадаги Халқаро жиноий суднинг дастлабки иш юритув палатаси Россия Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов ва мамлакат собиқ мудофаа вазири, ҳозирда Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимида ишлаётган Сергей Шойгуни ҳибсга олишга ордер берди.

Улар ҳарбий ва инсониятга қарши жиноятларда гумонланмоқда. Ҳибсга олиш учун ордерларга Россия армиясининг Украинадаги фуқаролик объектларига берган зарбалари асос бўлган. Айбловда гап бораётган жиноятлар камида 2022 йил 10 октябрдан 2023 йил 9 мартгача содир этилган, дейилади суд расмий сайтида.

«Икки гумонланувчи камида 2022 йил 10 октябрдан 2023 йил 9 мартгача бўлган даврда Украинанинг электр инфратузилмасига ракета ҳужумлари учун жавобгар бўлган деб ишониш учун кучли асослар бор», — дейилади суд матбуот баёнотида. «Бу вақт ичида Россия ҳарбий кучлари томонидан [Украинадаги] кўплаб электр станциялари ва подстанцияларига ҳужумлар уюштирилгани тахмин қилинмоқда».

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил мартда Гаагадаги Халқаро жиноят суди Россия президенти Владимир Путин ва Россия болалар омбудсмани Мария Львова-Беловани ҳибсга олишга ордер берганди. Улар украиналик болаларни ноқонуний депортация қилиш тарзидаги ҳарбий жиноят содир этганликда гумон қилинмоқда.

2024 йил мартига келиб эса мазкур суд Россия Аэрокосмик кучларининг узоқ масофали авиацияси қўмондони Сергей Кобилаш ва Россия Қора денгиз флоти қўмондони Виктор Соколовни ҳибсга олишга халқаро ордер берган.

Халқаро жиноий суд мустақил, доимий суд органи бўлиб, 1998 йил 17 июлда Италия пойтахтида бўлиб ўтган конференцияда имзоланган Рим статутига мувофиқ ташкил этилган. Унинг ваколати Рим статути кучга кирган 2002 йил 1 июлдан кейин содир этилган барча энг оғир халқаро жиноятларга тааллуқлидир. Суднинг юрисдикцияси геноцид, инсониятга қарши жиноятлар ва уруш жиноятлари билан чекланган.

Россия Халқаро жиноий суднинг аъзоси ҳисобланмайди ва шунинг сабабли унинг талабларини бажармаслиги мумкин. Шу билан бирга, Рим статутини ратификация қилган исталган мамлакат уларнинг ҳудудида бўлган ҳар қандай ХЖС томонидан қидирилаётган одамни ҳибсга олиши шарт.