Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) Telegram`даги Hamster Kombat ўйини билан боғлиқ тез-тез бериладиган саволларга жавобларни эълон қилди. Хусусан, ўзбекистонликлар бундай ўйинларнинг ҳисоб бирликларини (тангаларини) қонуний равишда сотиб олишлари ёки сотишлари мумкинми, Ўзбекистонда Play-to-earn тамойили бўйича ташкил этилган ўйинлар фаолияти қонунийми, Hamster Kombat ўйинида тўпланган ҳисоб бирликлари криптоактив саналадими ва бошқалар.

Hamster Kombat — Play-to-earn тоифасидаги ўйинми?

Play-to-earn — ўйин орқали реал пул ёки бошқа қимматли мукофотларни олиш мумкин ўйин тури. Hamster Kombat ўйини мазкур тоифадаги ўйинлар қаторига кирмайди, чунки ўйинда тўпланган тангалар (ҳисоб бирликлари) утилитар криптоактивлардан фарқли ўлароқ, таъминланмаган ва реал фойда келтирмайди.

Hamster Kombat ўйинида тўпланган ҳисоб бирликлари криптоактив саналадими?

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, криптоактив — маълумотларнинг тақсимланган реестри (блокчейн)даги рақамли ёзувлар йиғиндиси бўлган, қиймати ва эгасига эга мулкий ҳуқуқ.

Hamster Kombat ўйинида тўпланган ҳисоб бирликлари юқоридаги таърифга мос келмайди ва блокчейнга эга эмас. Шунга кўра, мазкур бирликлар криптоактив эмас.

Бироқ келажакда Hamster Kombat`даги тангалар блокчейнга ўтиши ва шу билан криптоактивга айланиши мумкинлиги инкор этилмайди.

Кейинчалик криптоактивни тарқатиш мақсадида у криптоплатформаларда листингдан ўтказилиши мумкин. Бироқ бундай криптоактивлар акс ҳолларда фойдали функционалликнинг йўқлиги сабабли рўйхатга олинганидан кейин қисқа вақт ичида қадрсизланади.

Hamster Kombat ўйинида тўпланган ҳисоб бирликларини улар криптоплатформаларда рўйхатга олинганидан кейин харид қилиш ёки сотиш қонуний бўладими?

Hamster Kombat ўйинида тўпланган ҳисоб бирликлари криптоактив деб тан олинса, уларни фақат криптоактивлар айланмаси соҳасидаги миллий хизмат кўрсатувчи провайдерлар орқали харид қилиш ёки сотиш мумкин бўлади. Бунда улар криптобиржа котировкалаш варағи ёки криптодўконнинг савдо саватига киритилган бўлиши зарур.

Hamster Kombat ўйинининг Ўзбекистондаги фаолияти ИЛМА томонидан тартибга солинадиган соҳаларга кирадими?

Hamster Kombat ўйинининг ҳисоб бирликлари блокчейнга эга бўлмагунича уларнинг айланмасини тартибга солиш ИЛМА ваколатига кирмайди.

Таҳририятдан

«Газета.uz» яқинда Ўзбекистонда бир ой ичида камида 12 киши криптоактивлар муомаласи соҳасидаги қонунбузарликлар (жарима ва смартфонларни мусодара қилиш ёки йўқ қилиш билан бирга ҳибсга олиш) учун жавобгарликка тортилгани ҳақида ёзганди. Улар орасида Telegram`даги ўйинларда актив йиғиб, уларни сотганлар ҳам бўлган (биз улардан бири билан интервью ҳам уюштирдик).

Аввалроқ Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги «Газетa.uz» сўровига жавобан Ўзбекистонда айни вақтда ноткоин криптоактиви билан қонуний тарзда савдо қилиш имконияти йўқлигини маълум қилганди. Агентлик лицензияга эга хизмат провайдерларига ўз савдо саватларига янги чиққан, оммалашаётган криптоактивларни ҳам қўшиш бўйича таклиф берган.