Ҳудудларда ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиб беришини ваъда қилган шахслар фирибгарликда гумонланиб ушланди, дея хабар қилди Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Хусусан, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Навоий вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда «A.в.» МЧЖ автомактаби раҳбари З.М. фуқаро Ш. Ж.нинг ишончига кириб, гўёки ЙҲХБда ишловчи танишлари ёрдамида Ш. Ж. ва унинг турмуш ўртоғига ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиб бериши эвазига 1000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу каби, департаментнинг Фарғона вилоят бошқармаси ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро М.М. фуқаро А.Қ.га 1300 АҚШ доллари эвазига ўқув курсларига қатнашмасдан ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришини ваъда қилиб, олдиндан 1000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Департаментнинг Самарқанд туман бўлими ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар У.Т. ва Ш. А. фуқаро М.А.га танишлари ёрдамида 1000 АҚШ доллари эвазига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришларини айтиб, шундан 500 АҚШ долларини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.