Шавкат Мирзиёев 25 июнь куни маҳаллалар ободлигини таъминлаш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Айни пайтда мамлакатда 10 мингга яқин маҳалла мавжуд. Уларнинг қарийб 3 мингтаси 821 та бошқарув сервис компанияси хизмат кўрсатувчи кўп қаватли уйлардан иборат. Ҳовли уйлар жойлашган 6 минг 400 дан ортиқ маҳаллада эса ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари асосан ҳашарлар орқали амалга оширилмоқда.

Шу боис бундай жойларда «Маҳалла сервис компанияси» ташкил қилиш таклиф этилмоқда. Унга кўра, бу ташкилотлар маҳаллаларни ободонлаштириш билан шуғулланади, кўчалар ва ариқлар тозалигини таъминлайди, кўчатлар экиб, парваришлайди. Шартнома асосида коммунал тармоқларни таъмирлаш, чиқиндиларни саралаш ва ташиш хизматларини ҳам кўрсатади.

Сервис компанияси маҳалла фуқаролар йиғини кенгашининг қарори асосида салоҳиятли тадбиркорлар орасидан танлаб олинади. Ободончилик ишлари маҳалланинг буюртмаси ва назорати асосида амалга оширилади. Сервис компаниялари хизматларига тўловлар қилиш учун маҳалла фуқаролар йиғинларига ҳар ойда 20 миллион сўмдан маблағ ажратилади. Шунингдек, улар аҳолига 20 дан ортиқ ижтимоий пулли хизматлар кўрсатиши ҳам мумкин бўлади.

«Бу тизим натижасида маҳаллаларга файз киради, одамларда озодалик ва дахлдорлик маданияти кучаяди. Маҳаллада яшовчи усталар ва вақтинча ишсиз кишиларнинг бандлиги таъминланади», — дейилади хабарда.

Тақдимотда сервис компаниялари аввал тажриба тариқасида 208 та маҳаллада ташкил этилиши белгиланди. Ушбу тажриба натижаси бўйича кейинчалик барча маҳаллаларда жорий қилиш таклифи билдирилди.

Қайд этиш жоизки, кўп қаватли уйлардан иборат маҳаллаларда бошқарув сервис компанияларининг хизматлари умумий мол-мулкни сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни таъмирлаш ҳамда кўп квартирали уйга туташ ер участкасини ободонлаштириш учун мажбурий бадаллар ёки тўловлар ҳисобига тўланади. Яқинда ушбу бадалларнинг энг кам миқдорлари тасдиқланганди.