Шавкат Мирзиёев 25 июнь куни амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турган Россия ички ишлар вазири Владимир Колокольцевни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Шавкат Мирзиёев яқинда Доғистонда содир этилган террорчилик хуружи оқибатида ҳалок бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларининг оила аъзоларига ҳамдардлик ва далда сўзларини билдирди.

Учрашувда терроризм, экстремизм, наркотрафик ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек, киберхавфсизлик ва рақамли экспертиза соҳаларидаги ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари муҳокама қилинди.

Миграция соҳасида ҳамкорлик механизмларининг самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, Россия президентининг яқинда Тошкентга ташрифи чоғида эришилган келишувларнинг амалий ижроси масалалари кўриб чиқилди.