Telegram орқали ноткоин йиғиб, уни 800 минг сўмга сотган 24 ёшли ТерДУ битирувчиси 10 суткага қамалгани ҳақида хабар бергандик. Йигитга нисбатан қамоқ жазосининг тайинланиши тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Мухбиримиз Миролим Исажонов жазо муддатини ўтаб бўлганидан сўнг Исмоилжон Нормаматов билан учрашиб, мазкур воқеа, бу унинг ўқиши ва ҳаётига қандай таъсир қилгани ҳақида сўради, шунингдек, бундай жазонинг қанчалик асосли экани ҳақидаги фикрига қизиқди.

— Сизда криптовалюталар, хусусан, ноткоинга қизиқиш қачондан бошланган?

— Аслида криптовалюталар, умуман, жаҳон савдо бозорида онлайн савдо қилиш жараёнлари мени доим қизиқтирган. Кўрган бўлсангиз керак, охирги пайтларда Ўзбекистон миқёсида [телефон] экрани устига бармоқ билан уриш орқали пул топишга қизиқувчилар кўпайди. Менда ҳам тахминан 1−1,5 ой аввал шундай қизиқиш пайдо бўлди. Телефон экранига босиб, ростдан пул топиш мумкинми, деган саволга жавоб қидириш ортидан ноткоин йиғишни бошладим. Бундан олдин бошқа криптовалюталар билан ишлаб кўрмаганман, ноткоин — биринчиси.

— Криптовалюталар билан боғлиқ Ўзбекистон қонунчилигидан хабардормидингиз?

— Ўзбекистонда ноқонуний криптовалюталар олди-сотдисига жавобгарлик белгилангани тўғрисидаги қонунга кўзим тушган эди. Лекин уни ҳали жараёнда деб ўйлаганман, яъни қонун ишлаб чиқилган, аммо аниқ кучга кирган санаси бўлмагани учун иккиланиш бўлган. Ноткоин биржага чиққанини ва Telegram тармоғида ноткоин савдоси авж олганини кўриб, демак, шунча одам бу билан шуғулланаётган экан, мен ҳам олди-сотди қилсам бўларкан, деган фикр туғилган.

— Ноткоинни қачон, қандай қилиб олгансиз? Жараён ҳақида гапириб берсангиз.

— Телефон экрани устига босиш орқали йиғилган ноткоинни Telegram кошелёкка ўтказиб борганман, маълум миқдорга етгач, 2024 йил 31 май куни ноткоин сотишга қарор қилдим. Telegram`да бир одам билан ноткоин олди-сотдиси ҳақида гаплашдик, у 800 минг сўмга сотиб олишини ёзди. Мен 500−600 минг сўм атрофида сотилса керак, деган фикрда эдим. Лекин у таклиф қилган пул миқдори мен ўйлагандан ҳам кўра кўпроқ бўлгани учун айни ўзи билан ишни битира қолдим. Ўша вақтда биржадаги нарх кўрсаткичларини ҳар куни кузатмасдим. Мен унга банк пластик картамнинг рақамини ёзиб юбордим, у эса менга бир аёл номидан 800 минг сўм ўтказиб берди. Шундан сўнг ўзимдаги 4650 миқдордаги ноткоинни унинг Telegram кошелёгига ўтказдим. Жараён шундай кечган.

— Суд ҳукмига кўра, устингиздан ариза тушган ва шунга асосан терговга қадар текширув ишлари олиб борилган. Устингиздан ким ва нима мақсадда шикоят қилган?

— Чилонзор тумани ички ишлар бўлимига устимдан ариза тушган. Менинг банк пластик картамга 800 минг сўм пул алдов йўли — фирибгарлик билан ундирилган экан, яъни мен ноткоин сотган одам бир аёлга квартира ижрага бераман, олдиндан бунча тўлов, кейин мана шунча тўлов қиласиз деб айтган ва аёл менинг пластик картамга олдиндан пул ўтказган. Бу ҳолатдан ички ишлар ходими билан суҳбатлашган пайтим хабар топдим.

ИИБ ходими мендан дастлаб «Уй ижараси билан шуғулланасизми?» — деб сўради. Мен бундай фаолият юритмаслигимни айтдим. Чунки яшаш ва ўқиш жойим Сурхондарёда, Тошкентдаги квартира нархлари ва бошқа нарсалар ҳақида билмайман. Ички ишлар ходими 800 минг сўм пластик картамга нима сабабдан тушганини сўраганида бор гапни айтдим: ноткоин сотганимни маълум қилдим. Улар Ўзбекистонда ноткоин олди-сотдиси мумкин эмаслигини таъкидлаб, мендан бу бўйича мавжуд қонунларни билиш ё билмаслигимни сўради. Мен эса йўқ, дея жавоб бердим. Тошкентга келганимдан кейин ИИБ ходими билан танишдик. Менга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 155−4-моддаси (Криптоактивлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш) билан айблов қўйилди. Судда ҳеч қайси яқинларим қатнашгани йўқ, суд жараёни онлайн бўлди.

— ИИБ ходими сизга қўнғироқ қилганида хаёлингиздан қандай фикрлар ўтди?

— Ички ишлар ходими биринчи дадам билан боғланган. Отам «Нега милиция ходими сени сўраяпти, нима иш қилдинг?» — деб хавотир олди. Кейин уларга вазият ҳақида гапириб бердим: ўзимдаги ноткоинни сотганимни айтдим, буни ҳаводаги пул деса ҳам бўлади. Чунки инвестиция киритмаганман ёки меҳнат қилиб топмаганман.

— Суд ҳукмида сизнинг қўл телефонингиз ва банк пластик картангиз тегишли тартибда йўқ қилиши қайд этилган. Телефонингиз сизга қанчалик қадрли эди?

— Ҳамма учун ўзи меҳнат қилиб топган, харид қилган ҳар қандай буюми қадрли ҳисобланади. Ўша телефонни ўзим меҳнат қилиб олган эдим, қадрли эди. Ҳозир энди уни қайтаришнинг имкони йўқ барибир. Қонунчиликда операция амалга оширилган ҳар қанақа техника қурилмалари мусодара қилиниши белгилаб қўйилган экан.

— Криптовалюталарнинг биржадан ташқари олди-сотдиси учун қамоқ жазосининг берилиши қанчалик тўғри деб ўйлайсиз?

— Ўзбекистонда қонунни билмаслик жазодан қутулиб қолишга сабаб бўлмайди. Лекин қамоқ жазоси нисбатан камроқ берилиши керак эди. Маъмурий қамоқ қўлланиши мумкин бўлмаган шахсларга жарима базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан бошланар экан, бу миқдор ҳам анча суммани ташкил этади. Менга ўхшаб ноткоинни 800 минг сўмга сотганлар учун 6−7 миллион сўм жарима тўлаш оғир бўлади.

— Сизга 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси берилиши тармоқларда кенг муҳокама қилинди, кўпчилик бу оғир жазо эканини таъкидлади. Ўзингиз бунга қандай қарайсиз?

— Менга енгиллик берилиши керак эди, деб ўйлайман. Чунки ички ишлар ходимига ноткоин сотганимни ўзим маълум қилдим, ариза ёзган аёлни мен алдамаган эдим. Бундан ташқари, мен ноткоин олди-сотдиси жараёни устида қўлга тушмаганман ҳамда бу фаолият билан олдин ҳам шуғулланмаганман, бу биринчиси эди. Суд шуларни инобатга олган ҳолда нисбатан енгил жазо ёки биринчи марта қилаётганим боис огоҳлантириш ё камроқ суткага қамоқ жазоси бериши адолатдан бўларди, деган фикрдаман. Суд жараёнида ўзимни таништирдим, олий таълим муассасасида битирувчи талабаман. 10 суткалик қамоқ жазоси ўқишимга таъсир қиляпти. Ўқитувчиларимиз битирув малакавий амалиёт баҳолари қўйилмаслигини ва якуний имтиҳонларга киритилмаслигимни айтишмоқда. Бу эса ўқишни битиришим, ўз вақтида диплом олишимга салбий таъсир кўрсатади.

— Сизнингча, қамоқ жазосининг чора сифатида қўлланиши натижа берадими?

— Интернет тармоғида, биржада ишлаб, ақлий меҳнат эвазига яхши даромад топишнинг ўзига яраша қийинчиликлари, рисклари бор. Бу борада қўллаб-қувватлаш керак, деб ўйлайман. Европада, ривожланган мамлакатларда криптовалюта соҳаси, умуман, электрон ҳамёнлар ва пуллар қўллаб-қувватланади. Германияга борганимда кўчаларда криптодўконларни кўрганман. У ерларга кириб, сиз ўз пулингизни турли иловалар ёрдамида осон ва тезроқ яқинларингизга жўнатишингиз мумкин. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда ҳам трейдингни ўргатадиган кўплаб ўқув курслари очилмоқда. Бу одамларни, айниқса, ёшларни қизиқтиряпти, ақлий меҳнат орқали ҳам даромад топиш мумкин, деган назария оммалашяпти. Лекин бу соҳада қамоқ жазоси, жарималар ёки қандайдир тақиқларнинг қўлланиши соҳанинг келажакда ривожланишига туртки бўлмайди, назаримда.

Ноткоин Ўзбекистонга анча-мунча пул олиб кирди, деб ўйлайман. Чунки одамлар телефон экрани устига уриш эвазига пул топяпти, кўпчилик мўмайгина даромад қилиб олди. Бошида Telegram фойдаланувчиларидан инвестиция талаб қилинмади ёки бошқа шартлар қўйилмади. Бу орқали баъзи оилаларга озроқ бўлса ҳам пул олиб кирилди. Бошида ноткоинга ишонмаганлар ҳам ҳозир телефон экранига уриб, пул топяпти, бунинг тарафдорлари кўпаймоқда.

— Сиздан ноткоин сотиб олиб, Telegram орқали мулоқот қилган одам билан кейин қайта боғланиб кўрмадингизми?

— Ички ишлар ходими агар ўша одамни топишда ёрдам берсам, менга енгиллик бўлишини айтди. У одамга Telegram`дан яна ноткоин борлиги ва уни сотмоқчилигимни, агар оладиган бўлса, боғланиш учун телефон рақамимни ҳам ёздим, у ёзганларимни ўқиди ва бирданига блоклаб қўйди. Telegram аккаунтини ва ёзганларимни, уни блоклаганини скриншот қилиб, ИИБ ходимига жўнатдим.

notcoin, криптовалюта

— Атрофдагилар ва яқинларингизнинг сизга нисбатан муносабати қандай бўляпти?

— Қамоқ жазосини ўтаганим ҳақида айримлар эшитган, баъзилар бехабар бўлган. Лекин [жамиятимизда] қамоққа олинган шахсга нисбатан фикрлар ўзгариши аниқ. 10 суткага қамалганим тармоқларда шов-шув келтириб чиқаргани учун «Бу йигитга бахт қуши қўнди», дея талқин қилганлар ҳам бўлди. Telegram асосчиси Павель Дуровнинг мен билан учрашгани Ўзбекистонга келиши ҳақида ҳам миш-мишлар тарқалибди. Мендаги ҳолат шов-шув бўлмаганида буни кўпчилик тўғри қабул қилмас эди. Аммо тармоқлардаги изоҳларни ўқиб чиқсам, 10 суткалик қамоқ жазосининг берилишига одамлар турлича: «Бу боланинг келажаги куйди», «Энди давлат ишига кира олмайди», «Бунга ҳеч ким қизини бермайди» каби фикрлар билдирилибди. Бундай изоҳлар менга қаттиқ таъсир қилгани йўқ. Негатив фикрлардан ташқари, позитив, кайфиятимни кўтарадиган гаплар ҳам ёзилган, уларни ўқиб, хурсанд бўлдим.

— Ноткоин жамоаси сизга янги iPhone совға қилмоқчи эканини маълум қилди. Сиз ўзингиз бу ҳақда қачон билдингиз? Шундан сўнг ноткоин жамоасидан кимдир сизга алоқага чиқдими?

— 10 кунлик қамоқ жазосини ўтаб чиққанимдан кейин бу ҳақдаги хабарларга кўзим тушди. Аммо интернет фойдаланувчиларининг изоҳлари дилимни хира қилди. «10 суткалик қамоқ учун битта iPhone берилиши зўр», «Агар iPhone беришса, мен ҳам ўтириб берардим қамоқда», «Бу — менинг қариндошим», «10 суткага қамалган бола мен бўламан» каби изоҳларни ўқиб, хафа бўлдим. Ўз озодлигини битта телефон учун алмаштириш — аҳмоқлик. Ушбу масалада ноткоин жамиятидан ҳеч ким ҳали менга алоқага чиққани йўқ.

— Келгусида шу каби криптоактивлар муомаласини давом эттирасизми?

— Менга биринчи мартага маъмурий жазо қўлланди. Агар шундай ҳолат бир йил ичида яна такрорланса, бу жиноий жавобгарликка сабаб бўларкан, бунда жазо оғирроқ берилади. Ўзим шу соҳага, яъни трейдинг, биржаларда савдо қилишга қизиқаман, буни ўрганиб ҳам кўрдим. Аммо олди-сотди жараёнига ҳали қайтмоқчи эмасман.

— Интервью якунида айтар сўзларингиз…

— Ноткион сотишда ўзимнинг ҳам айбим бор. Бозорни яхши ўрганмаганман, интернетдаги олди-сотди жараёнлари қандай кечишини олдиндан таҳлил қилмаган эдим. [Тенгдошларимга] бирор соҳа билан шуғулланишдан олдин ўша тизимнинг яхши мутахассиси бўлишини, ўқиб, изланишини ҳамда соҳанинг ҳуқуқий жиҳатларини ҳам ўрганишини маслаҳат бераман. Соҳада қандай чекловлар мавжудлиги ёки қандай жазолар белгиланганидан ҳам хабардор бўлиш зарур.

Ўзбекистонда 19 апрелдан криптоактивларнинг ноқонуний айланмаси ва криптоактивларни қонунга хилоф равишда олиш учун жавобгарлик жорий этилган. Биринчи марта маъмурий чоралар кўрилади — 15 кунгача қамоққа олишдан тортиб БҲМнинг 100 баравари миқдорида жарима. Худди шу характердаги хатти-ҳаракатларни такроран содир этиш 5 йилгача қамоқ жазосига олиб келиши мумкин. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 155−4-моддасини бузиш бўйича биринчи суд қарори 14 май куни қабул қилинган. Бир ой давомида камида 12 та шундай ҳукм чиқарилган маълум бўлди.

Видео