Enter Engineering қурилиш компанияси ва Saneg нефть-газ ширкати — Ўзбекистондаги энг йирик солиқ тўловчилардан. Уларнинг корхоналарида минглаб ишчилар, хусусан, хорижий давлатларнинг фуқаролари ҳам ишлайди. Шу билан бирга интернетда ушбу корхоналарнинг ходимлари ўз иш ҳақлари берилишини талаб қилаётгани акс этган фото ва видеолар вақти-вақти билан тарқалиб туради. Ишчилар иш ҳақлари жуда кечикаётгани ҳақида «Газета.uz»га ҳам мунтазам хабар беради.

Мазкур муаммо ҳақидаги овозалар, ходимларнинг сўзларига кўра, Ўзбекистондан ташқарига ҳам ёйилиб кетган, маошлар кечикишига бағишлаб ҳатто махсус Телеграм-канал ҳам очилган — унда шу мавзуга доир долзарб мемлар бериб борилади.

Ходимлар қандай қилиб маошлари тўланишига эришмоқда? Раҳбарият ходимларнинг норозиликларига қандай қараяпти? Нима учун одамлар бу корхоналарга ишга киряпти ва ишдан бўшаб кетмаяпти? «Газета.uz» Enter Engineering и Saneg ходимлари (жами 10 га яқин киши) билан гаплашди. Улар, ўзлари учун салбий оқибатларнинг олдини олиш ниятида, исмини ошкор этмаслик шарти билан саволларга жавоб берди.

«Июнда февралнинг маоши берилишини кутяпмиз»

Май ойи охирида учта корхона ходимлари маошлари кечикаётганини маълум қилди. Бунда гап қуйидаги корхоналар ҳақида бормоқда:

  • Enter Engineering компанияси;

  • Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи (Saneg'га тегишли);

  • UzLiti Engineering инжиниринг компанияси (Enter Engineering).

Ушбу корхоналарнинг ходимлари қуйидаги объектлардаги ишчиларнинг маошлари ҳам кечикаётганини билдирди:

  • Олмалиқ кон-металлургия комбинати таркибидаги 3-Мисни бойитиш фабрикаси (МБФ) қурилиши. Объект Enter Engineering ва Россиянинг «Уралмашзавод»и томонидан қурилмоқда;

  • «Мустақилликнинг 25 йиллиги» ёки М-25 номли Бойсун газни қайта ишлаш заводи (Enter Engineering);

  • Бухоро вилоятидаги МТО газ-кимё мажмуаси (Saneg'га тегишли, Enter Engineering эса таъминот, муҳандислик ва қурилиш ишлари бўйича пудратчи).

3-МБФда маошлар кечикаётгани ҳақида апрель ойида ОАВда берилган хабарларнинг натижаси, ходимларнинг сўзларига кўра, «яхши бўлди, аммо энди, май охирида, биз февралнинг маошини кутяпмиз». Манбанинг маълум қилишича, маошсиз қолган одамлар қарзга ботмоқда, маъмурият эса иш ҳақи айнан қачон тарқатилишини айтмаяпти.

«Ҳар ҳафта „ана ўтказамиз, мана ўтказамиз“, дейишади. Яқинда ейишга ҳам ҳеч вақо қолмайди, лекин бу ҳеч кимни ташвишга солаётгани йўқ; чет эллик ишчилар яшаш жойларининг ижарасини узайтириш учун қарзга олишга мажбур бўляпти», — деди манба.

«Кўп ишчилар ўзи билан бирга оиласини ҳам олиб келган, аммо охир-оқибат уларни боқолмаяпти, чунки уйга тўлаш керак, оддий егуликни ҳам сотиб олиш керак, болалар боғчаси, мактаби ва бошқалар ҳақида гапирмай қўя қолай. Кўпчилик бу ерга пул ишлаб олай деб келган, аммо янада катта кредит ва қарзга ботиб қайтиб кетяпти», — деди UzLiti Engineering ходими.

Манбалардан бирининг сўзларига кўра, май ойи бошида ўзбекистонлик ишчилар январь, февраль ва март ойлари учун белгиланган маошларининг фақат бир қисмини олган, холос. «Фақат январь ойи учун маошнинг нақд пул кўринишидаги асосий қисми берилди», — дейди у.

Офисда ишлайдиган чет элликларга апрель бошида фақат январь маоши берилган. «Шундан бери янгилик йўқ, — дейди манба. — Қурилиш майдонларидаги чет элликларга эса май ойида февраль-март маошлари тарқатилган».

Эслатиб ўтамиз, Enter Engineering компанияси апрель ойидаги баёнотида қурилиш объектларида иш ҳақини тўлаш тартибини тушунтирган эди. Унга кўра, «аввалига қурилиш объектларида олдинги ойда бажарилган ишлар ҳажми буюртмачи олдида ҳимояланиши керак. Айнан ҳимоя қилинган ҳажмлар иш ҳақини баҳолаш учун асос бўлиб хизмат қилади. Сўнгра солиқларни ҳисоблаш ва ҳисоботларни топшириш, шунингдек, ходимларга тўлиқ маош бериш жараёнлари содир бўлади. Буларнинг ҳаммаси вақтни талаб қилади».

«Раҳбариятга мурожаат қилишдан маъно йўқ»

UzLiti Engineering’да меҳнат қилувчи чет элликнинг қайд этишича, апрель ойи ўрталарида хорижликлар 2023 йилнинг декабрь ва 2024 йилнинг январь ойлари учун маошини олган. Май ойи охирида уч ойлик маош кечикаётган эди.

«Кадрлар бўлимига, бухгалтерияга, раҳбариятга, директорга ёзиш ва мурожаат қилишдан маъно йўқ. Бирор мурожаат қилишинг билан, дарров келиб, «ходимни тинчлантириш» кераклигини айтишади. Албатта, бирор оғир чора кўрилмайди, лекин норозиликка жавоб шу — «тинчлантириш», — дейди компания ходими.

Қизиғи, «Газета.uz» билан мулоқот қилган манбаларнинг барчаси ишга кириш вақтидаёқ маошлар кечикишидан хабардор бўлган. Бу нарса, ходимларнинг таъкидлашича, ишга кириш олдидан бўладиган суҳбатда ҳам яшириб ўтирилмайди.

«Маошлар кечикиб туради, дейишган. Кўпи билан икки ойгача, лекин мана шу икки ой охирида бирданига икки ой учун иш ҳақи тўланади, дейишганди», — дейди UzLiti Engineering ишчиси.

Бошқа манбаларнинг қайд этишича, ишга кириш олдидан кадрлар бўлимида бўлган суҳбат вақтида ходимга камида уч ойлик «молиявий ёстиқча» ҳозирлаб қўйиш тавсия этилган.

«Ишга кириш вақтида менга дастлабки даврда иш ҳақи кечикишини дарҳол айтишганди. „Ҳа, майли“, деб ўйлагандим мен. Кейин билсам, мендан аввал ишга кирганлар дастлабки уч ойлик синов даврида мутлақо текинга ишлаган экан», — дейди UzLiti Engineering’да бир ярим йилдан бери ишлайдиган бошқа бир ходим.

Унинг қўшимча қилишича, «ҳаддан ташқари кечикишлар» ўтган йили бошланган. Ҳозир уч ойгача чўзиляпти, аммо энг оғир меҳнат шароити Эрон фуқароларида, дейди манба. Июнда уларга ҳали январь маоши тўланиши керак эди. Таҳририят номлари зикр этилган компанияларда ишлаётган ушбу мамлакат фуқаролари билан боғлана олмади.

«Иш ҳақини тўлаш бўйича аниқ муддат йўқ. Аввалига май охирида уч ой учун бирданига тўланади, дейишди, кейин 5 июнга сурилди, энди 15 июнь дейишяпти. Ўзимнинг аччиқ тажрибамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, бу гапларнинг ҳаммаси бекор. Улар Ўзбекисторн фуқароларига иш ҳақини қандай тўлашаётгани ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади», — деди суҳбатдош (у билан июнь ойи бошида гаплашилганди).

«Газета.uz» Ўзбекистон фуқароларининг меҳнат шароитлари ҳақида Saneg билан бир манзилда рўйхатдан ўтказилган ва қора металлургия соҳасида фаолият олиб борувчи Triangul Metals Tebinbulak кон-металлургия компаниясининг собиқ ишчиси билан суҳбатлашди. Ўзбекистон фуқароси ҳисобланган ва Меҳнат кодексига мувофиқ ишга олинган манбанинг маълум қилишича, «юридик жиҳатдан бу компания Enter Engineering ҳам, Saneg ҳам эмас» — «Eriell ва Enter бизнинг ўрнимизга бурғилаш ва қурилиш бўйича пудрат ишларини бажаришган эди».

Манбанинг маълум қилишича, маош энг узоқ ярим йилга кечиккан. Унинг сўзларига кўра, бутун меҳнат даврида унинг расмий маоши миқдори бир неча бор ўзгарган, аммо унинг миқдори у олган ҳақиқий маошидан доим фарқ қилган.

«Шуни инобатга олиш керакки, Eriell’нинг бутун тузилмасида (Enter Engineering, Eriell, Saneg ва бошқа компанияларнинг бенефициар эгаси Бахтиёр Фозилов ҳисобланади — таҳр.) иш ҳақини тўлаш турлича. Enter Engineering ўзича маош олади, Eriell’да ҳам бошқача, Saneg’да-ку мутлақо бошқача. Масалан, кўплаб нефть компаниялари учун лойиҳа институти сифатида хизмат кўрсатувчи ва яхшигина пул топувчи Geo Research and Development Company'га (нефть-газ саноатида сервис хизматини кўрсатувчи компаниянинг илмий-технологик маркази; асосий таъсисчиси — Saneg — таҳр.) ўхшаш компанияларда иш ҳақи кечикиши деган нарса умуман йўқ», — дейди Triangul Metals Tebinbulak’нинг собиқ ишчиси.

Унинг қўшимча қилишича қилишича, «Тебинбулоқ» корхонасида маош «стандарт тартибда» уч ойга кечикарди.

«Яъни, уч ой текинга ишлардик. Кейин ҳар ой пул ола бошлардик. Сўнг яна нимадир бўларди-да, яна уч ойга кечикарди. Мен йил бошида ишдан кетганман, аммо менга ҳали ҳам пул тўлашяпти. Ҳозир ҳам икки ойлик маошим бўйича улар мендан қарздор», — деди манба.

«Газета.uz»нинг Saneg’даги бошқа бир суҳбатдошининг айтишича, энг қисқа муддатли кечикиш қурилиш майдонларида ишловчи ходимларда бўлади, чунки бундай ходимларнинг сони кўп. Бундан ташқари, қурувчилар юқори техник ва маъмурий персоналдан фарқли ўлароқ, вақти-вақти билан намойишлар ҳам уюштириб туради. Бундай воқеалар ҳақида ОАВ ҳам бир неча бор хабар берган.

«Газета.uz»нинг барча манбалари кўплаб корхоналарнинг қурилиш майдонларида Ҳиндистон, Бангладеш ва Покистондан келган ишчилар ишлашини маълум қилди. «Enter Engineering’да ҳиндлар жуда кўп, деб эшитгандим. Яқинда Олмалиқдаги 3-МБФда бахтсиз ҳодиса ҳам бўлди, бир неча ҳиндистонлик ҳалок бўлди», — деди манбалардан бири.

Ўзбекистоннинг ўзида ишсизлик даражаси юқори бўлган ва катта миқдордаги меҳнат муҳожирлари хорижда ишлаётган бир вақтда ушбу компаниялар нима учун чет элдан ишчилар жалб қилишни манфаатли деб билиши борасида манбалар бирор фикр билдира олмади. Таҳририят бу компанияларда ишлаётган Ҳиндистон, Бангладеш ва Покистон фуқаролари билан боғлана олмади.

Компанияларда чет элликларга иш ҳақи қандай тўланади?

Enter Engineering ва UzLiti Engineering’да ишлаётган чет эл фуқаролари мазкур корхоналар билан Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ меҳнат шартномаси имзоламаганликларини маълум қилди. Манбаларнинг таъкидлашича, улар Ўзбекистонда худди хизмат сафарига келгандек ишлайди, чунки улар билан Enter Engineering’нинг Сингапур ёки Дубайдаги филиаллари шартнома имзолаган. Иш ҳақи «Ўзбекистонники бўлмаган исталган банк»нинг банк карталарига ўтказилади. Масалан, кўпчилик банк картасини қўшни Қозоғистонда очтирган.

«Эронликлар негадир карта очмайди. Бу, эҳтимол, санкциялар билан боғлиқдир. Уларга иш ҳақи фақат нақд пул кўринишида берилади», — деди манба.

«Иш ҳақини Ўзбекистоннинг картасига ўтказиш мумкин эмас. У ҳолда патент расмийлаштириш ва бошқа расмиятчиликларни бажариш керак бўлади. Расман мен Ўзбекистонда хизмат сафарида ёки бизнес-ташрифдаман, ваҳоланки, бу ерда ишлаётганимга икки йилдан ошди. Бир танишим 11 йилдан бери «Энтер»да ишлайди. Бутун шу даврда у Дубай орқали ишга расмийлаштирилган», — деди Enter Engineering ходимларидан бири.

Шундай қилиб, ушбу компанияларда ишлаётган чет эл фуқароларида маошлар кечикиши юзасидан бирор бир ташкилотга мурожаат қилиш имкони амалда йўқ.

«Амалда менинг маошимни Дубай кечиктиряпти. Катта эҳтимол билан, бу ҳолатда Ўзбекистон қонунчилиги бузилаётгани йўқ. Аммо бу хизмат кўрсатиш бўйича шартнома бўлгани боис, БААдагиларга мурожаат қилишдан ҳам наф йўқ», — деди ходим.

Мутахассислар нега маошни кечикиб тўловчи компанияга ишга киради ва нега у ердан бўшаб кетмайди?

Таҳририятнинг барча суҳбатдошлари Enter Engineering ва Saneg корхоналарига иш ҳақи кечикиб тўланишини олдиндан билган ҳолда ишга кирганини маълум қилди. Уларни бозордагидан баланд бўлган катта маош таклиф ўзига жалб қилган. Бундан ташқари, айрим чет элликларга турар жой ижараси тўлиқ ёки қисман қоплаб берилади. Айни вақтда, Triangul Metals Tebinbulak собиқ ходимининг қайд этишича, мамлакатда аллақачон маош масаласида рақобатлаша оладиган бошқа компаниялар пайдо бўлган.

«Маош кечикиши ҳақида билгандик, аммо маошнинг бир-икки ойга кечикишига чидаса бўлар, аммо тўрт ойлик кечикиш — бу даҳшат. Шартномада иш ҳақи келаси ойнинг 25-санасига қадар ўтказилиши кераклиги кўрсатилган, амалда эса февраль маошини кутиб яшаяпмиз», — дейди ходимлардан бири.

Бошқа бир ходимнинг сўзларига кўра, сўнгги вақтларда кўплаб мутахассисларни ҳеч нарса ушлаб тургани йўқ. «Одамлар янги иш излаяпти, шу боис ҳозир ақл бовар қилмас даражада кўплаб ходимлар компанияни тарк этяпти. Ҳар ҳафта гуруҳ-гуруҳ бўлиб ишдан бўшашяпти, янгилар эса келмаяпти, чунки ҳамма маош кечикиши муаммосидан бохабар».

Таҳририят манбаларидан бири эса компанияда уни «жуда катта тажриба тўплаш иштиёқи» ушлаб турганини маълум қилди:

«Бу ерда лойиҳалаш босқичида деярли ҳар нарсадан тежаб қолишга уринишлари шарофати билан бошқа бирор жойда учратиш мумкин бўлмаган мураккаб лойиҳалар пайдо бўлади. Шу боис мунтазам равишда ностандарт қарорлар қабул қилиш, дарслигу қўлланмалар чегарасидан ташқарига чиқишга тўғри келади».

Ходимларнинг бир қисмини иш ҳақи миқдори, бошқасини тажриба жалб қилса, кўпчилик чет элликларни меҳнат шартномасидаги ижрочининг ташаббуси билан шартнома бекор қилинган тақдирда бир ойлик иш ҳақи миқдорида жарима тўлашга доир банд тўхтатиб туради.

Чет эл фуқаролари билан шартнома бир йилга имзолангани боис, кўпчилик шартнома якунлангач ишдан бўшашга ҳаракат қилади, дейди манбалардан бири.

«Қандай қилиб МДҲнинг барча мамлакатларидан, Туркия, Эрон, Ҳиндистондан шунча ишчини йиғиб олиб, уларнинг ишлаб, оқлаб бўлган оддий иш ҳақини бермаслик мумкинлигига ростдан ҳам тушунмайман, — деди UzLiti Engineering’нинг бир ходими. — Шовқин кўтаришни бошласанг, ҳар доим бир хил жавоб: „Ёқмаса, бўша“. Бўшасанг ҳам бутун иш ҳақингни беришларига кафолат йўқ. Ишдан бўшаш вақтида ҳам тўлиқ ҳисоб-китоб қилиш деган нарса йўқ, яъни ишдан бўшаб ҳам ҳамма қатори аллақачон ишлаб бўлган иш ҳақингни кутишга мажбурсан… Жарима ҳақидаги банд сабаб эса сени ҳатто меҳнат бандиси дейиш ҳам мумкин: на йўқотишларсиз ишдан бўшай оласан, на иш ҳақингни ола биласан».

Бошқа бир манбанинг айтишича, жарима деярли қўлланилмайди. «Лекин, назаримда, агар муносабатларни бузиб хайрлашадиган бўлсанг, бу жаримани қўллашлари ҳам мумкин». Айни вақтда, шартномаларда уни бекор қилганлик учун ходимга товон пули тўлаш ҳақидаги банд йўқ.

Ўзбекистон нефть-газ соҳасида ишлаган собиқ ходимнинг «Газета.uz»га айтишича, иш ҳақининг кечикиши бу соҳа учун умуман олганда хос ҳолат, чунки унда «тайёр пул» ҳар доим кам бўлган. Аммо, кўплаб мамлакатларда нефть-газ соҳасида ишлаган бошқа бир манбанинг қайд этишича, у Enter Engineering ва Saneg’га қадар ҳеч бир жойда маош кечикиши ҳолатига дуч келмаган.

Saneg ва Eriell’нинг маъмурий ходимлари қаторига кирувчи бир неча манбанинг маълум қилишича, буюртмачиларнинг ушбу компаниялар билан йиллар давомида тўлиқ ҳисоб-китоб қилмагани учун ҳам иш ҳақи (хусусан, Enter Engineering’да ҳам) кечикади. Ушбу маълумотни расман тасдиқлаш имкони бўлмади.

«Газета.uz»нинг Eriell компаниялар гуруҳига қилган мурожаатига муносабат

«Газета.uz» 5 июнь куни Eriell Group матбуот хизматига, шунингдек, Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига расмий сўров билан мурожаат қилди. Ҳозирги вақтда таҳририят компания ва давлат органидан изоҳ олганича йўқ.

Мурожаатдан сўнг «Газета.uz» манбалари кадрлар бўлими томонидан маош кечикиши ҳақида ҳеч ким билан, хусусан, ҳамкасблар билан ҳам гаплашмаслик тавсия қилинганини маълум қилди. «Бунинг учун ишдан ҳайдашаркан», — деди суҳбатдошлардан бири.

Мурожаатдан сўнг корхоналарнинг бирида раҳбарият иштирокида чет эллик ишчилар билан йиғилиш ўтказилгани таҳририятга маълум. Ишчилар жамоанинг бир қисми ишни тўхтатиш ниятида эканини раҳбариятга билдирган. Аммо Украина ва Россиядан келган ходимлар бу қарорни қўллаб-қувватламаган. Раҳбарият ишни келгуси режалаштириш ва ресурсларни қайта тақсимлаш учун ишни тўхтатган ходимлар рўйхатини тақдим этишни сўраган.

Раҳбарият, шунингдек, иш ҳақини тўлаш учун пул борлиги, аммо уларни Enter Engineering дастлаб Сингапур ва Дубай компаниялари ҳисоб-рақамига ўтказиши кераклигини маълум қилган. Шундан сўнг Enter Engineering’нинг хориждаги ваколатхоналарига расмийлаштирилган, аммо Ўзбекистонда ишлаётган ходимларига маош тўланади. Январь ва февраль учун маошни 15 июнгача, март ва апрелникини июнь охиригача, майники эса июль охирида тўлашга ваъда беришган.

Раҳбариятнинг билдиришича, шартномадаги жарима ҳақидаги банд яқинда, компанияни виждонсиз ишчилардан ҳимоя қилиш мақсадида қўшилган. Раҳбарият ушбу бандни олиб ташлаш учун ҳуқуқшунослар билан маслаҳатлашишга ваъда берган.

Eriell вакили 14 июнь куни «Газета.uz» мухбири билан бўлган норасмий суҳбатда компания маош бўйича қарзларни ёпишни бошлаганини маълум қилди.

17 июнь куни таҳририятнинг UzLiti Engineering’да ишловчи манбаларидан бири 13 июнь куни эронлик ходимларнинг, 14 июнь куни ўзбекистонликларнинг февраль ойи учун маоши ўтказиб берилганини билдирди.

«Энди март ойининг иш ҳақини кутяпмиз», — деди компания ходими.

Ўзбекистон Меҳнат кодексига мувофиқ, ходимларга иш ҳақи тўлаш муддатлари ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмас. Ходимга тегишли бўлган иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши ва миқдори бошқа тўловларни амалга оширишга ҳамда уларнинг навбатига боғлиқ қилиб қўйилмаслиги керак.

Бундан ташқари, иш берувчи ўз молиявий аҳволидан қатъи назар, қонунчиликда ва меҳнат шартномасида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига мувофиқ ходимлар томонидан бажарилган иш учун ҳақ тўлаши лозим.