Прокуратура органлари ва Маданий мерос агентлиги томонидан Қашқадарё, Жиззах, Сирдарё, Навоий ва Тошкент вилоятларида тарихий ёдгорликлар қисман бузилиб, ҳожатхона, ҳаммом ва иссиқхона қурилгани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар қилди.

Ҳудудларда ўтказилган текширишларда қонун бузилиши ҳолатлари аниқланиб, бир қатор археология ёдгорликларини йўқотилиши олди олинган.

Хусусан:

  • Қашқадарёда «Кофиртепа-2» (VII — ХIII асрга оид) ёдгорлигининг 2,4 м³, «Бештерактепа»нинг (IХ — ХII) 6 м³ ҳамда «Хонтепа»нинг (ХI — ХIII) 189 м³ қисми уй-жой;
  • Жиззахда «Томошотепа-2» (IV — V) ёдгорлигининг 14 м³ қисми ҳожатхона ҳамда «Қоратепа»нинг (V — VI) 30 м³ қисми иссиқхона;
  • Сирдарёда «Ҳашартепа» (IХ — ХII) ёдгорлигининг 6,4 м³ қисми ҳожатхона ва ҳаммом;
  • Навоийда «Ғазғонтепа» ёдгорлигининг 16 м³ қисми мобил компания антеннаси, «Нонвойлартепа-2»нинг 5,3 м³, «Калтепа»нинг (V — VIII) 23 м³ ҳамда «Ясилтепа»нинг (III — ХI) 20 м³ қисми хўжалик иншоотлари;
  • Тошкент вилоятида «Номсизтепа-1» ёдгорлигининг 15 м³ қисми ҳожатхона, «Номсизтепа-2»нинг 1,92 м³ қисми иссиқхона қуриш учун қисман бузилган.

Юқоридаги жами 12 та ёдгорликка 8,3 млрд сўмлик зарар етказилгани аниқланиб, жиноят ишлари қўзғатилди ва дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.