WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанж 2019 йилдан буён сақланаётган Британиянинг Белмарш қамоқхонасидан озод этилди. Бу ҳақда ташкилотнинг ўзи хабар берди.

«Жулиан Ассанж озодликда. 24 июнь куни эрталаб у 1901 кун ўтказган қаттиқ режимли Белмарш қамоқхонасини тарк этди. Лондон Олий суди уни гаров эвазига озод қилди… У самолётга ўтириб, Буюк Британияни тарк этди», — дейилади хабарда.

WikiLeaks маълумотларига кўра, Ассанж АҚШ Адлия вазирлиги билан келишувга эришган, бироқ у ҳали расман якунланмаган. The Washington Post ва CNN нашрларининг суд ҳужжатларига таяниб ёзишича, Ассанж жосуслик тўғрисидаги қонунни бузиш билан боғлиқ 18 та айбловдан бири бўйича айбини тан олишга рози бўлган. Бунинг эвазига ундан 62 ойлик қамоқ жазоси талаб қилинади. Сўнгра у озод қилинади ва фуқаролиги бўлган Австралияга қайтиши мумкин.

26 июнь куни АҚШнинг уюшган ҳудуди бўлган Шимолий Мариана ороллари судида эшитув ва ҳукм чиқарилиши кутилмоқда.

CNN манбаларига кўра, ФҚБ ва АҚШ Адлия вазирлиги вакиллари Ассанжнинг жиноий айбини тан олишини ўз ичига олмаган ҳар қандай бошқа келишувга қарши чиққан.

  • АҚШ расмийлари Ассанжни 2010 йилда Ироқ ва Афғонистондаги урушлар ҳақидаги юз минглаб махфий материалларни эълон қилгани учун жиноий жавобгарликка тортганди. 2012 йилдан 2019 йилгача Ассанж Эквадорнинг Лондондаги элчихонасида яширинган. Мамлакат унинг сиёсий бошпана ҳуқуқини бекор қилган ва у ҳибсга олиниб, Британия қамоқхонасига жўнатилган. Ўшандан бери Лондонда унинг АҚШга экстрадиция қилиниши бўйича тингловлар бўлиб ўтган, WikiLeaks асосчиси 175 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган.