Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши юзасидан ўз фикрларини билдирди. У бу ҳақда собиқ ҳамкасби Расул Кушербаевнинг «Хўп Подкаст» лойиҳасида гапириб берди.

Суҳбатда Дониёр Ғаниевга «Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши фойдалими ёки зарарли?» деган савол берилди. Депутат бунга жавобан ЖСТга қўшилиш мамлакат эртагаёқ бойиб кетишини англатмаслигини айтди.

«Бугун ЖСТга қўшилдик дегани эртага ҳаётимиз жаннат бўлиб кетади ёки бойиб кетамиз дегани эмас. ЖСТга қўшилиш фақатгина ўзимизни ўзимиз тийишга, савдо божларимизни тартибга солиб, ривожланган дунё давлатларининг савдо тарифлари билан бир хил қилишга ундайдиган бир платформа, холос. Аслида, агар истасак, ЖСТга қўшилмасдан ҳам бу нарсаларни қилсак бўлади», — деди у.

Депутат мамлакатда божларнинг мавжуд экани ва рақобатнинг мавжуд эмаслигига ташқи эмас, ички омиллар сабаб эканини қайд этди.

«[ЖСТга қўшилсак], божхона тарифлари камаяди, рақобат бўлади, деяпмиз. Ўша божхона тарифлари бўлиши, рақобатнинг бўлмаслигига ким сабабчи? ЖСТ келиб, биз бу ташкилотга қўшилмаганимиз учун бизга божларни ўрнатиб қўймаган-ку. Бу божларнинг барчаси, савдо сиёсати ўзимизнинг сиёсатимиз ҳисобланади ва бу бутун дунёда шундай», — деди Дониёр Ғаниев.

Депутат барча мамлакатларда доимий равишда турли лобби гуруҳлари ва ишлаб чиқарувчилар томонидан бозорларни ёпиш ва божларни жорий этиш учун ҳаракатлар бўлишини қайд этди.

«Буни рақобатдан қочганлар, ҳамманинг ҳисобига бойишни истаган тор доира қилади. ЖСТга қўшилиш, биринчи навбатда, бизни мана шу ўзимиздан ҳимоя қилишга ёрдам беради. Чунки ЖСТга қўшилганимиздан кейин келишилган битимларга, шартларга амал қилишга мажбур бўламиз. Бунинг эвазига бизга катта бозорлар очилади», — деди у.

Дониёр Ғаниев, шунингдек, ташкилотга аъзо бўлиш туфайли зарар кўриши мумкин бўлган тадбиркорлар ҳақида ҳам гапирди.

«Бозор очилишининг ҳисобига бизнинг бозорга ҳам ташқаридан сифатли, рақобатбардош хорижий компаниялар кириб келади ва бизнинг нисбий афзаллигимиз бўлмаган, узоқ йиллар рақобатда бўлмаган қайсидир йўналишларда йўқотишлар бўлиши, корхоналар ёпилиши, ишчи ўринлари йўқолиши мумкин. Бу — табиий жараён. Сиз очиқ савдога қўшилдингизми, албатта, нисбий афзаллигингиз бўлмаган қайсидир жойларда ютқазасиз», — деди депутат.

Лекин, шунга қарамай, бу очилиш мамлакатнинг нисбий афзалликка эга бўлган жуда кўп йўналишларида потенциалдан фойдаланиш имкониятини беради.

«Шартли равишда айтайлик, Андижондаги бир заводнинг ёпилиши ёки фаоллигининг қисқариши ҳисобига 10 минг ишчи ўрни йўқотилиши мумкиндир, бунинг ўша туман иқтисодиётига қисман оғирлиги бўлиши мумкин. Буни тан олиш керак. Лекин ЖСТ орқали рақобат муҳитининг кириши, ўйин қоидаларининг бирхиллашиши бошқа бир туманда, бошқа бир вилоятда, дейлик, 30 минг ишчи ўрни яратадиган соҳа ривожланишига олиб келиши мумкин. Яъни йўқотувчилар ҳам, ютувчилар ҳам бўлади», — деди Дониёр Ғаниев.

Шунингдек, депутат эркин савдодан ютадиганлар доим ютқазадиганлардан кўпроқ бўлишини таъкидлади. Давлатнинг роли эса шу ютқазадиганларни ҳимоя қилиш бўлиши лозим.

«Давлат имкон қадар бундай ўзгаришларни зарарини камайтирган ҳолда, босқичма-босқич қилиши керак. Бизда бунга имконият бор. Биринчидан, жараён 30 йилдан буён давом этмоқда. Иккинчидан, биз ўзимизга илк бор аниқ вақт билан режа қўйяпмиз — 2026 йил деб эълон қилдик. Бу мени ростдан қувонтирди. Чунки биз аниқ дедлайн қўйяпмиз. Шу вақтгача доим қўшиламиз дердик, аниқ вақтини айтмасдик. Бу — биз аниқ қўшиламиз деб сиёсий ирода билан қарор қабул қилинганининг белгиси. Бу икки йил ҳам тайёрланишнинг бир босқичи. Учинчидан, музокаралар давомида биз ҳали рақобатга чидамли бўлмаган кўплаб соҳаларимизга, давлат корхонаси монопол мавқега эга бўлган соҳаларимизга имтиёз оламиз», — деди у.

Бундан ташқари, Дониёр Ғаниев тадбиркорларда янги шароитга мослашиш учун яхши имконият ва вақт бўлишини айтди.

«Биз эртага қўшилиб, ҳамма божни 0 қилиб юборганимизда, ҳақиқатан ҳам, ноинсофлик бўлиши мумкин эди. Чунки қайсидир тадбиркор мавжуд қонунчилик ва иқтисодий конъюктурадан келиб чиқиб пул тиккан бўлса ва биз эртага уни „очиқ денгизга ташлаб юборсак“, тадбиркорларни жуда ҳам қийнаб қўйган бўлишимиз мумкин эди. Лекин тадбиркорларга жуда яхши имконият бериляпти, қўшилгунча ҳали 2 йил вақт бор, бундан ташқари, ҳали 10 йиллаб имтиёзлар оламиз», — деди депутат.

Май ойида бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев: «Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича ўз мажбуриятларида собит, бунга эришиш учун барча имкониятларни ишга соламиз», — деган эди.

Июнь ойида Ўзбекистонга ташриф буюрган Жаҳон савдо ташкилоти бош директори Нгози Оконжо-Ивеалага кўра, ҳеч бир мамлакат ташкилотга аъзоликни сиёсий иродасиз амалга ошира олмаган. «Ўзбекистон ҳукуматида кучли сиёсий иродани кўряпман», — деганди бош директор аъзоликка даъвогарлар орасида биринчи бўлиб Ўзбекистонга келганини қайд этиб.