Ўзбекистон ҳукуматининг 25 июндаги қарори билан тазйиқ ва зўравонликка учраган аёллар ва уларнинг вояга этмаган болаларига ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг Маъмурий регламенти тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларида жабрланувчилар, шунингдек, бошқа жисмоний ва юридик шахслар қуйидаги органларга мурожаат қилишлари мумкин:

  • «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ёки ижтимоий ходимга;
  • ички ишлар органлари навбатчилик қисмининг «102» телефон рақамларига ёки бевосита профилактика инспекторларига;
  • «112» ягона диспетчерлик хизмати ҳамда 1146 қисқа рақамли «ишонч телефони»га.

Ариза топширилгандан кейин 24 соат ичида қуйидагилар амалга оширилади:

  • хотин-қизлар фаоли ва маҳалладаги профилактика инспектори томонидан тазйиқ ва зўравонликни содир этган шахс билан суҳбат ўтказилади;
  • ижтимоий ходим хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларининг ҳолатини дастлабки тарзда баҳолаш чораларини кўради;
  • профилактика инспектори хотин-қизларга ҳимоя ордери расмийлаштирилади ҳамда заруратга кўра бирламчи кўмак хоналарига жойлаштириш учун тегишли далолатномани расмийлаштиришга доир чораларни кўради;
  • ижтимоий ходим ва профилактика инспектори томонидан хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари уларнинг розилиги асосида бирламчи кўмак хонасига жойлаштирилади.

Эслатиб ўтамиз, май ойида президент тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган аҳолига ижтимоий хизмат кўрсатиш тўғрисидаги қарорни имзолаган эди. Унда айтилишича, «Инсон» ижтимоий хизмат кўрсатиш марказлари тазйиқ ва зўравонлик қурбонларига ҳимоя ордерисиз ёрдам беради. Бундан ташқари, ҳужжат 24 соат ичида зўравонлик қурбонига ҳимоя ордери берилишини талаб қилади. Зўравонлик қурбонлари учун барча вилоятлардаги шифохоналарнинг тез тиббий ёрдам бўлимларида 24 соатлик бирламчи тиббий ёрдам хоналари ташкил этилмоқда.