26 июнь куни Остона апелляция суди рафиқаси Салтанат Нукеновани ўлдирганликда айбланган Қозоғистон собиқ миллий иқтисодиёт вазири Куандик Бишимбаевга нисбатан чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдирди, деб ёзмоқда Zakon.kz.

Бишимбаевнинг жиноятни яширишда айбланиб, 4 йилга озодликдан маҳрум этилган амакиваччаси Бахитжан Байжановнинг ҳукми ҳам ўзгаришсиз қолдирилди.

Суд қарор устидан кассация тартибида Қозоғистон Олий судига шикоят қилиш мумкинлигини таъкидлади.

13 май куни жиноят ишлари бўйича Остона суди ҳакамлар ҳайъати Бишимбаевни Нукеновани ўта шафқатсизларча қийноққа солиш ва ўлдиришда айбдор деб топиб, 24 йилга озодликдан маҳрум қилганди.

Тергов маълумотларига кўра, 2023 йилнинг 8 ноябридан 9 ноябрига ўтар кечаси Бишимбаев Остонадаги Bau ресторанида жанжал оқибатида 31 ёшли Нукеновани уриб ўлдирган. Прокурор хулосасига кўра, Нукенова бош мия жароҳати туфайли вафот этган. Унинг юзи ва танасида бир нечта кўкаришлар бўлган, бурни синган. Экспертиза натижалари шуни кўрсатганки, калтаклар тахминан саккиз соат давом этган.

Айблов, шунингдек, Бишимбаев Нукеновани мунтазам калтаклаб келгани, унга ишлашни тақиқлагани ва мулоқот доирасини чеклаганини кўрсатган.

Бишимбаев қотилликдан сўнг дарҳол қўлга олинган. Суд мажлислари 2024 йил 11 мартда бошланган. Судда собиқ вазир рафиқасининг ўлимига сабаб бўлган жароҳатларни ўзи содир этганини тан олган, лекин қасддан қилинган қотиллик айбини тан олмаган.

  • Куандик Бишимбаев 2016 йилнинг майидан декабригача Қозоғистон иқтисодиёт вазири бўлган. 2017 йил январь ойида у жуда катта миқдорда пора олганликда айбланиб ҳибсга олинган. 2018 йил мартида суд Бишимбаевни 10 йилга озодликдан маҳрум қилган, бироқ 2019 йил октябрь ойида собиқ вазир амнистия акти билан озод этилган.
  • Бишимбаев иши Қозоғистонда ҳам, хорижда ҳам кенг резонансга сабаб бўлди. Бу каби жараён мамлакат тарихида биринчи марта онлайн трансляция қилинди. Апрель ойида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев оиладаги зўравонликни жиноий жавобгарликка тортувчи қонунни имзолаган эди. Одамлар тилида у «Салтанат қонуни» деб аталади.