Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида эркак гул дўконидаги қиз ва икки йигит билан жанжаллашгани акс этган видео тарқалди.

Тасвирда эркак гул дўконига кириб, 21 ёшли қизга ҳужум қилгани ва унинг бўйнидан бўға бошлаганини кўриш мумкин. Сўнгра у ташқарига чиқиб, уни тинчлантирмоқчи бўлган бир йигитни тепкилай бошлаган, бошқасига эса мушт туширган.

Пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси воқеа 23 июнь куни тахминан соат 19:30 атрофида содир бўлгани ва ҳужум қилган шахс муқаддам Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) билан судланган 40 ёшли Х.А. эканини маълум қилди.

Бирламчи тиббий маълумотга кўра, жабрланувчиларга енгил тан жароҳати етказилган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» банди (Безорилик ҳаракатини олдини олиш чорасини кўрган бошқа фуқароларга қаршилик кўрсатиб содир этиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда, дейилади хабарда. Бошқарма ушбу шахснинг ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан яқин орадаги ИИБга ёки 102 рақамига хабар беришларини сўради.