Шавкат Мирзиёев матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларини Ўзбекистонда 27 июнь куни нишонланадиган касб байрами билан табриклади.

Давлат раҳбари ахборот соҳасини либераллаштириш ва ривожлантириш Янги Ўзбекистон қурилишида устувор вазифалардан эканини таъкидлади.

«Айниқса, кейинги йилларда юртимизда сўз эркинлиги ва фикрлар хилма-хиллигига эришиш йўлида кенг имкониятлар очилаётгани медиа воситалари вакилларининг ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги иштироки, ўрни ва нуфузини янада кучайтирмоқда», — дейилади табрикда.

«Жамиятимизда очиқлик ва ошкораликни ривожлантириш, давлат идоралари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, фуқароларимизнинг қонуний мурожаатларини ўрганиш ва ҳал қилиш борасида сизларнинг ўрнингиз ва таъсирингиз тобора ортиб бораётганини барчамиз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз», — дейилади президент мурожаатномасида.

Шавкат Мирзиёев «газета ва журналлар, теле ва радио каналлар, ижтимоий тармоқларда турли мавзулардаги долзарб чиқишлар, муаммоли масалалар юзасидан мутахассис ва экспертлар иштирокидаги кўрсатув ва эшиттиришлар, таҳлилий шарҳлар, баҳс-мунозаралар сезиларли равишда кўпайганини» таъкидлади.

«Хусусан, қурилиш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашдаги камчиликлар, ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги муаммолар бўйича бериб борилаётган танқидий ва таҳлилий материаллар жойларда „мудраб“ ўтирган айрим раҳбар ва мутасаддиларни уйқудан „уйғотиб“, янгича ишлаб, одамларнинг ташвиши билан яшашга мажбур қилмоқда», — дейилади табрикда.

Шавкат Мирзиёев «куюнчак ва олижаноб журналистларимиз, фаол блогерларимиз ўзларининг қатъий позицияси, ҳаққоний сўзи билан ҳаётимиздаги ўткир муаммоларни ҳал этиш, ислоҳотларимизнинг самарасини ошириш, юртдошларимизнинг фикрини, дунёқарашини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётганини» таъкидлади.

«Буларнинг барчаси миллий медиа воситаларимиз „тўртинчи ҳокимият“ даражасига яқинлашиб бораётганидан далолат беради. Шу билан бирга, бундай юксак маррага етиш осон эмаслиги, бу йўлда тўсиқ ва қийинчиликлар бўлиши табиийдир. Лекин, қанчалик қийин бўлмасин, бу борадаги ишларимизни қатъият билан давом эттирамиз», — деди давлат раҳбари.

Шу билан бирга, президент бугунги кунда матбуот иши ва журналистика нафақат «тўртинчи ҳокимият», балки мудофаа, хавфсизлик каби ҳал қилувчи соҳага айланиб бораётганини таъкидлади. «Бу эса мазкур йўналишда айнан сизлардек жасур ва довюрак, Ватанни чин дилдан севадиган, ўз касбига содиқ ва фидойи инсонлар тобора кўпроқ бўлишини тақозо этмоқда», — деди у мурожаатида.

Шу муносабат билан президент кўп қиррали профессионал билим ва малакага, юксак маънавий-интеллектуал фазилатларга эга бўлган журналист кадрлар тайёрлаш, ахборот маконини сифатли ва рақобатдош миллий контент билан тўлдиришни устувор вазифа этиб белгилади.

«Дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисаларни миллий манфаатларимизни ҳисобга олган ҳолда, тезкор ва чуқур таҳлиллар асосида ёритиб бориш ўта муҳим, деб ўйлайман», — деди давлат раҳбари табригида.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, одамларни чалғитувчи ёлғон ва асоссиз маълумотларни тарқатиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани аҳолининг медиасаводхонлигини оширишни долзарб вазифага айлантирганини таъкидлади.

«Ахборот майдонида юзага келаётган баҳсли тортишув ва муаммолар фақат ва фақат қонун доирасида, ҳуқуқий меъёрлар негизида ҳал этилиши шарт. Сиз, ҳурматли медиа тармоқлари вакиллари ана шундай масалаларни ҳал этишда фаол иштирок этасиз, деб ишонаман», — дейилади табрикда.

«Соҳадаги хизмат қилаётган барча юртдошларимизнинг қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг машаққатли меҳнатини рағбатлантириш масалалари бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент матбуот хизмати ходимларига сиҳат-саломатлик, ишларига муваффақият, оилаларига тинчлик ва фаровонлик тилади.