25 июнь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ва Россия ички ишлар вазири Владимир Колоколцев икки давлат ўртасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди, деб хабар қилди ҳуқуқ-тартибот идоралари матбуот хизматлари.

Учрашувда Россия ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини, шунингдек Ўзбекистондаги Россия фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, улар орасида ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва ноқонуний миграция ҳолатларига барҳам бериш, жиноятчилик, шу жумладан, кибержиноятлар, фирибгарлик, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши ҳамда бошқа трансмиллий уюшган жиноятларга қарши курашиш масалалари муҳокама қилинди.

Фотолар: Ўзбекистон ва Россия ИИВ матбуот хизматлари.Фотолар: Ўзбекистон ва Россия ИИВ матбуот хизматлари.

Бундан ташқари, қидирувдаги шахсларни ушлашда соҳа хизматларининг ҳамкорлигига эътибор қаратилди. Томонлар, шунингдек, ички ишлар органлари учун кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда илмий-тадқиқот йўналишида алоқаларни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади.

Владимир Колоколцев меҳнат муҳожирларининг ҳаммаси ҳам қонуний фаолият юритмаслигини, улар аниқланиб, жавобгарликка тортилишини таъкидлади, дея хабар қилди Россия ИИВ вакили Ирина Волк.

Россия ИИВ раҳбари ўзбекистонлик ҳамкасбларини шахсий маълумотлар алмашинуви соҳасида маъмурий масалалар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги шартномага қўшилиш, шунингдек, шахсий маълумотларини ўзгартирган Ўзбекистон фуқаролари тўғрисида мунтазам равишда маълумотлар алмашинувини ташкил этиш, судланган фуқароларни рўйхатга олиш учун Давлатлараро ахборот банкига маълумотларни юборишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, бу миграция оқимини тартибга солиш, бу соҳадаги салбий тенденцияларни камайтириш ва икки давлат хавфсизлигини таъминлаш учун зарур.

Бундан ташқари, у Ўзбекистон томонининг Ўзбекистон ИИВ Киберхавфсизлик маркази ва Россия ИИВ Ахборот-коммуникация технологияларидан ноқонуний фойдаланишга қарши курашни ташкил этиш бошқармаси ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватлади.

Владимир Колоколцев Россия ИИВ гиёҳванд моддалар савдосига қарши кураш бўйича ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдорлигини таъкидлади. «Икки давлатнинг ваколатли идоралари томонидан трансмиллий жиноий гуруҳлар фаолиятига чек қўйиш бўйича кўрилаётган қўшма чора-тадбирлар аллақачон ўз самарасини кўрсатди», — дейилади хабарда.

Тадбир сўнгида раҳбарлар тегишли баённомани имзолади. Унда кун тартибидаги масалалар бўйича бажарилиши лозим бўлган амалий ишлар ҳамда истиқболли вазифалар белгиланган.

Дастур доирасида россиялик ҳамкорлар ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаментининг Мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш маркази фаолияти билан танишди.

Марказ жамоат хавфсизлиги жараёнларини қамраб олган ягона ахборот макони ҳисобланиб, ҳудудлардаги вазият ва ходимларнинг иш-ҳаракати рақамли технологиялар орқали таҳлил қилиб борилади. Ҳозирда 10 мингдан ортиқ профилактика инспекторларининг фаолиятини 6 та йўналиш бўйича назорат қилиш ва баҳолаш амалга оширилмоқда.

Марказда «Е-Жамоат хавфсизлиги», «Е-Ижтимоий вазият» каби дастурлар, йўл ҳаракати хавфсизлиги, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат тартибини сақлаш хизматларининг ягона ахборот тизимлари жамланган, олти мингдан зиёд рақамли кузатув камералари интеграция қилинган.

Шунингдек, видеоалоқа орқали профилактика инспекторлари, йўл патруль, пост патруль ва пробация ходимлари учун масофавий ўқув курсларини ўтказиш режалаштирилган.

Жараёнда меҳмонларга ИИО томонидан соҳада қўлланилаётган транспорт воситалари, махсус техника ҳамда замонавий восита ва аслаҳалар намойиш этилган.

«Мазкур тадбир ишчанлик ва конструктив руҳда, дўстлик, ўзаро ишонч муҳитида ўтгани, соҳалар ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади», — дея хулоса қилинади Ўзбекистон ИИВ матбуот хизмати хабарида.