22 июнь куни Тошкент вилояти Паркент туманида юк автомобили иштирокида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда вилоят ЙҲХБ хабар қилди.

Қайд этилишича, соат тахминан 11:30 да туман ҳудудидан ўтган 4Р15 «Қизилтоғ-Паркент-Янгибозор» автомобиль йўлининг 56-километрида (Марказий бозор қаршисида) 24 ёшли ҳайдовчи Р.Н. «КамАЗ»ни бошқариб кетаётиб, оралиқ масофани сақламаган ва ҳаракат тезлигини назорат қила олмай, ўзи билан бир йўналишда бўлган 2 та Cobalt, Spark ва Lacettiга урилган.

Тарқалган видеолавҳада «КамАЗ» бориб урилган машиналар пиёдалар ўтиш жойида одамларга йўл бериш учун тўхтагани, ЙТҲ рўй бергач, бир пиёда машинадан қоча олганини кўриш мумкин.

Ушбу ҳодиса оқибатида ҳеч ким жароҳат олмагани, туман ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими томонидан суриштирув ишлари олиб борилаётгани маълум қилинди.