Қирғизистон ва Европа Иттифоқи 25 июнь куни Брюсселда кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолади, дея хабар берилмоқда Европа Иттифоқи веб сайтида. Ҳужжатларни имзолаш маросими Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг Бельгияга амалий ташрифи доирасида бўлиб ўтди.

ЕИ янги келишув сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш ва қатор соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш учун «янги ҳуқуқий асос» яратишини таъкидлади.

«Ушбу соҳаларга савдо ва инвестиция, барқарор ривожланиш ва алоқа, тадқиқот ва инновациялар, таълим, атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши, шунингдек, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик жамияти киради. Бундан ташқари, у ташқи сиёсат ва хавфсизлик сиёсати, жумладан, можароларнинг олдини олиш ва инқирозларни бошқариш, хавфларни камайтириш, киберхавфсизлик, минтақавий барқарорлик, қуролсизланиш, ядровий қуролларни тарқатмаслик, қурол ва экспорт назорати каби соҳаларда ҳамкорликни кучайтириш имконини беради», — дейилади баёнотда.

Ҳужжат 1999 йилда имзоланган Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим ўрнига қабул қилинди.

Ижрочи вице-президент ва савдо комиссари Валдис Домбровскиснинг сўзларига кўра, битим савдо оқимларини осонлаштириш орқали Европа Иттифоқи ва Қирғизистон бизнес ҳамда инвесторлари учун кўпроқ имкониятлар яратишга ёрдам беради.

  • Марказий Осиё давлатларидан Қозоғистон ҳам Европа Иттифоқи билан кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида битимга эга.
  • Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида 2022 йил июль ойида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим парафирланганди. Жорий йилнинг январь ойида томонлар ҳужжатни имкон қадар тезроқ имзолашдан манфаатдор экани хабар қилинган.