Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Сеулда Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг собиқ ўринбосари, Корея хавфсизлик ва давлат бошқаруви вазирининг собиқ биринчи ўринбосари Ким Нам Сок билан учрашди, деб хабар қилди Рақамли ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати.

Учрашувда икки давлат ўртасида АТК соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ва Корея компанияларининг Ўзбекистондаги лойиҳалардаги иштироки муҳокама қилинди. Шунингдек, Ўзбекистонни минтақадаги IT хабга айлантириш режалари ҳақида ҳам сўз юритилди.

Шерзод Шерматов Ким Нам Сокни Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги IT бўйича фахрий элчиси лавозимига таклиф қилди. Собиқ вазир ўринбосари бу таклифни қабул қилди.

Эслатиб ўтамиз, Ким Нам Сок Ўзбекистонда вазир ўринбосари ва АТК бўйича маслаҳатчи лавозимларида мамлакатнинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг 2012 йил сентябрь ойида Корея Республикасига давлат ташрифи чоғида эришилган келишувларга мувофиқ 2013 йил баҳорида иш бошлаганди. Унинг меҳнат шартномаси тўрт йил давом этган.

У «Электрон ҳукумат» тизимини жорий этиш, Миллий ахборот-коммуникация тизимини 2013−2020 йилларда комплекс ривожлантириш дастури, тармоқ стандартлари ва таснифлагичларини ишлаб чиқиш, мамлакатда дастурий таъминот саноатини ривожлантириш, иқтисодиётнинг реал секторига АТКни жорий этиш бўйича тавсиялар ва лойиҳаларда иштирок этган.

Ким Нам Сокнинг тавсияларини инобатга олган ҳолда «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш маркази ва Ахборот хавфсизлигини таъминлаш марказлари ташкил этилган. 2016 йилда Ким Нам Сок «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган.

Ким Нам Сок (1956 йилда туғилган) Кёнсон ўрта мактаби (1975) ва Ханьян университети (1980), Аризона университети (АҚШ, 1986) ва Сонгюнгван университети (Жанубий Корея, 1989) битирувчиси саналади. 2012 йилгача Корея Республикаси хавфсизлик ва давлат бошқаруви вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.