Шавкат Мирзиёев 26 июнь куни амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турган Туркия миллий мудофаа вазири Яшар Гюлер бошчилигидаги делегацияни қабул қилди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Учрашув аввалида Туркия мудофаа идораси раҳбари Ўзбекистон етакчисига Ражаб Тоййиб Эрдоғаннинг саломини етказди.

Томонлар Анқара шаҳрига 5−6 июнь кунлари амалга оширилган олий даражадаги ташриф чоғида эришилган келишувларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини чуқурлаштиришнинг долзарб масалаларини кўриб чиқди.

Ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, жумладан, яқин идоралараро алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшма тадбирлар ташкил этиш, ҳарбий мутахассисларни тайёрлаш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Хавфсизлик соҳасида, терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши курашишда ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Расмийлар минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, шу жумладан, Афғонистондаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашди.