2024 йилнинг 5 ойи давомида йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 65 нафар ўқувчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда 25 июнь куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида маълум қилинди.

Қайд этилишича, умумий ўрта таълим мактабларининг 9548 таси транспорт қатнови кўп ҳудудларда жойлашган. Аксарият мактаблар олдида пиёдалар учун йўлаклар мавжуд эмас, тегишли светофорлар ўрнатилмаган.

Оқибатда ўтган давр мобайнида жами 359 нафар ўқувчи билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Уларда 65 нафар ўқувчи ҳалок бўлган, 294 нафар ўқувчи турли даражада тан жароҳатлари олган.

2023 йилда эса болалар билан боғлиқ 1794 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 1568 нафар бола жароҳатланган ва 263 нафар бола ҳалок бўлган.

2024 йилнинг январь-май ойларида эса мамлакат бўйича содир бўлган умумий йўл-транспорт ҳодисаларининг сони ҳар 100 минг аҳолига 7,2 тани ташкил этган. Хусусан, Тошкент шаҳрида 12,8 та, Тошкент вилоятида 12,2 та, Наманган вилоятида 9,1 та ва Фарғона вилоятида 8,4 тага етган.

Ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг салмоғи Самарқанд, Тошкент (80 тадан), Фарғона (69 та), Қашқадарё ва Сурхондарё (53 тадан) вилоятларида ҳамон юқорилигича қолмоқда.

Ҳодисаларнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинганда маълум бўлдики, уларнинг 57 фоизи йўл инфратузилмасидаги камчиликлар ҳамда 43 фоизи ҳайдовчи томонидан йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида содир этилган. Содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг 53,7 фоизи пиёда ва велосипедчилар билан боғлиқ ҳолатлар ҳиссасига тўғри келмоқда.

2023 йил ва 2024 йилнинг 5 ой давомида Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг масъул ходимлари томонидан йўл инфратузилмаси билан боғлиқ қарийб 11 минг камчиликлар аниқланган бўлиб, уларни бартараф этиш юзасидан автомобиль йўллари эгаларига жами 5, 5 мингта ёзма кўрсатма ва тақдимномалар киритилган.

Эслатиб ўтамиз, биргина апрель ойининг ўзида Жиззах вилоятида юқори тезликда ҳаракатланган Gentra ҳайдовчиси уриб юборган икки ўқувчи, Қашқадарё вилоятида юқори тезликдаги Damas уриб юборган 1-синф ўқувчиси, Навоий вилоятида Matiz автомашинасида ЙТҲга учраган 3 нафар ўқувчидан 2 нафари вафот этган.

1 июлдан бошлаб босқичма-босқич тўрт ва ундан юқори тасмали йўллардаги пиёдалар ўтиш жойлари, хусусан, мактаблар яқини ва бошқа жойларда йўл ҳаракати қоидабузарликларини қайд этувчи камераларни ўрнатиш бошланиши хабар қилинганди.

Ҳудудларда йўлларга болаларнинг макетларини ўрнатиш хавфсизликни таъминлашнинг ечими сифатида кўрилишда давом этмоқда. Бу каби ҳолатлар Хоразм, Жиззах ва Тошкент вилоятларида учрайди. Бироқ мутахассислар буни нафақат фойдасиз, балки зарарли деб атамоқда.