«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати фуқароларнинг муаммо ва эҳтиёжларини аниқлаш мақсадида Тошкент шаҳридаги жамоат транспорти ҳақида йўловчилар ўртасида сўровнома ўтказди. Шунингдек, сўров масъул тузилмалар томонидан қўшимча эътибор талаб қиладиган жиҳатларни аниқлашга қаратилган. Ўрганишлар икки босқични — видео интервью ва онлайн анкеталарни ўз ичига олди ва 276 респондентни қамраб олди.

Сўровда қатнашганлар жамоат транспорти билан боғлиқ энг катта муаммолар сифатида қуйидагиларни қайд этди:

  • 49,1% — тиғиз вақтларда йўловчилар оқими кўплиги;
  • 15,6% — автобусларда совитувчи/иситувчи кондиционерлар тўлиқ ишламаслиги;
  • 12,4% — метрода ҳаво вентиляцияси яхши ишламаслиги;
  • 8% — транспортларнинг барчасида ҳам ногиронлиги борлар учун махсус шароитлар яратилмагани.

Шунингдек, йўловчиларнинг таъкидлашича, айрим йўналишларда эски русумдаги автобуслар ҳамон фойдаланилмоқда.

Кўпчилик респондентлар айрим автобусларнинг ҳаракат жадвали тез-тез бузилиши масаласини кўтарди.

Кондукторларга бўлган эҳтиёж бўйича респондентларнинг бир қисми керак эмаслигини таъкидлаган бўлса, бошқалари улар йўқлигида юзага келадиган муаммоларни кўрсатди. Мисол учун, назоратчилар бўлмаса, ҳайдовчилар йўловчиларни олд эшикдан туширади, бу эса йўловчилар сони кўп бўлганда ноқулайлик туғдиради.

Респондентлар кўчалардаги махсус ажратилган йўлаклар устидан назорат йўқлигига алоҳида тўхталди. Улар кўпинча тўхташ жойлари сифатида ишлатилади, бу эса жамоат транспорти учун тўсиқлар яратади.

Респондентларнинг фикрича, йўналишли таксилар ёки микроавтобусларда «қўшимча ўриндиқлар»дан (табурет ёки ёғоч ўриндиқлар) фойдаланиш ҳолати кузатилади. Йўловчилар хавфсизлиги учун буни қатъий назоратга олиш ва тартибга солиш даркор.

Йўловчиларнинг таклифлари

Сўров давомида йўловчилардан ўз вариантларини танлаш ёки қўшиш сўралган. Олинган маълумотларга асосланиб, «Юксалиш» бир қатор тавсия ва таклифларни аниқлади:

  • тиғиз вақтларда автобус ва вагонлар сонини кўпайтириш, оралиқ вақтларни қисқартириш (65,2%);
  • тирбандликнинг олдини олиш учун сиғими ва ҳажми катта автобуслар сонини кўпайтириш (50%);
  • метрода вентиляция ва автобусларда совитиш/иситиш тизимини яхшилаш (49,1%);
  • эски русумдаги автобусларни ҳаракатланишдан чиқариш ва транспорт тизимини модернизация қилиш (41,7%);
  • жамоат транспорти учун фақат профессионал ҳайдовчиларни ёллаш (34,1%).

Сўровномада жамоат транспорти ҳайдовчиларининг иши бўйича бир қатор таклифлар ҳам билдирилди:

  • йўловчиларни ташиш вақтида уяли телефондан фойдаланган ҳайдовчиларни жазолаш, уларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш;
  • йўловчиларнинг фикр-мулоҳазалари асосида балл тизимини жорий этиш, натижасига қараб мукофотлаш ёки жаримага тортиш тизимини йўлга қўйиш;
  • автобус ҳайдовчиларининг «пойга»лар уюштириши билан боғлиқ қоидабузарликларни қатъий назорат қилиш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш.

Сўровда қатнашганлар ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш — йўловчиларни аудио ва визуал форматда хабардор қилиш тизимларини жорий этиш ҳақида ҳам фикр қолдирди.

Респондентлар орасида метрода аёллар ва болалар ҳамда қариялар учун алоҳида вагонларни жорий этишни сўраганлар ҳам бўлди, дейилади «Юксалиш» хабарида.

Кўпчилик респондентлар сўнгги йилларда Тошкент шаҳрида жамоат транспорти тизими такомиллашиб, ривожланиб бораётганини таъкидлади.

«Тизимни янада ривожлантиришда фуқароларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олиш, қарор қабул қилувчи масъул вазирлик ва идораларнинг комплекс ёндашуви зарур», — дея қайди этди «Юксалиш».

Видео