Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Президент ҳузуридаги Статистика агентлиги маълумотларини шарҳлар экан, 2024 йилнинг январь-май ойларида электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми ошгани ҳақида хабар берди.

Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, май ойида Ўзбекистонда 6,1 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 337,9 миллион кВт/соат ёки 5,8 фоизга кўпдир.

Республика истеъмолчиларига 5 млрд кВт/соат электр энергияси етказиб берилди. Мазкур кўрсаткич 2023 йилнинг шу давридагига нисбатан 297,1 млн кВт/соат ёки 5,7 фоиз кам. Шу жумладан, иқтисодиёт тармоқларига — 3,7 млрд кВт/соат (92,2 млн кВт/соат кўп), аҳоли истеъмолчиларига — 1,2 млрд кВт/соат (393,7 млн кВт/соат кам) электр энергияси етказиб берилган. Яъни аҳоли истеъмолчилари томонидан шунча ҳажмдаги электр энергияси тежалган, деб таъкидлади Энергетика вазирлиги.

Электр энергиясининг қолган қисми электростанцияларнинг шахсий ва ишлаб чиқариш эҳтиёжларига, шунингдек, электр энергиясини узатишдаги харажатларга сарфланди.

«Кам етказиб берилганининг асосий сабаби шундаки, май ойида тарифлар ўзгариши фонида аҳоли истеъмолчилари электр энергиясидан тежамкорлик билан фойдаланишган. Саноат корхоналари эса, юқорида кўрганингиздек, прогнозга нисбатан белгиланган ҳажмларда электр энергияси истеъмол қилган», — дейилади хабарда.

Ишлаб чиқарилган электр энергиясининг ортиқча миқдори қўшни давлатларга экспорт қилинди.

Вазирликнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда кунига 2000 МВтгача (умумий ишлаб чиқаришнинг 20 фоизи) «яшил» энергия ишлаб чиқарадиган 8 та қуёш ва 1 та шамол электр станцияси ишга туширилди, бунинг натижасида «импорт ҳажми кескин камайди».

«Шу боис, айтиш мумкинки, бугунги кунда юртимизда электр энергия ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо йўқ. Аксинча бундан буён мамлакатимизда „яшил“ электр станциясилар қуввати ошириб борилаверади ва электр энергияси истеъмолга (талабга) нисбатан кўпроқ ишлаб чиқарилишига эришилади», — дейилади Энергетика вазирлиги хабарида.

Айтиш жоизки, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари мунтазам равишда электр энергияси узилишлари ҳақида хабар бериб келишади.

Статистика агентлигидан тушунтириш

Аввалроқ «Газета.uz» Статистика агентлиги маълумотларига таяниб, йирик энергия таъминоти корхоналари томонидан май ойида электр энергияси ишлаб чиқариш кескин пасайиб, 3,19 млрд кВт/соатни ташкил этгани, бу ўтган йилнинг май ойига (5,5 млрд) нисбатан 2,3 млрд кВт/соатга (-58%), шунингдек, апрель ойидаги кўрсаткичдан 4,68 млрд кВт/соатга (-59,4 фоиз) кам экани ҳақида ёзганди.

Январь-май ойларида ишлаб чиқариш ҳажми 18,8 млрд куб метрни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,2 фоизга ёки 1,04 млрд куб метрга камдир.

Кейинроқ агентликнинг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, йирик корхоналар томонидан 2024 йил апрель ойи учун электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича статистик маълумотларга кичик ишлаб чиқарувчиларнинг маълумотлари киритилган. Бу маълумотлар ҳозирда янгиланган.

Янгиланган маълумотларга кўра, май ойида йирик энергия таъминоти корхоналари томонидан электр энергияси ишлаб чиқариш 5,3 миллиард кВт/соатгача камайди, бу ўтган йилнинг май ойига нисбатан 393,5 миллион кВт/соат (-6,9%)га кам (5,7 миллиард кВт /соат эди), шунингдек, апрель ойига нисбатан 435,1 миллион кВт/соат (-7,57%)га паст.

Агентлик, шунингдек, ҳисобот даврида айрим кичик корхоналар йирик корхоналар тоифасига ўтиши мумкинлигини ҳам ҳисобга олиш зарурлигини билдирди.

Статистика агентлиги маълум қилишича, президент қарорига мувофиқ, кичик корхоналар (50 нафаргача ишчиси бўлган қуёш, шамол ва бошқа электр станциялари) йилига бир марта, йирик корхоналар эса ҳар ойда ҳисобот тақдим этади. Энергетика вазирлигида барча компаниялар учун кунлик ва ойлик статистик маълумотлар мавжуд, аммо бу маълумотлар идоравий ҳисобланади ва Статистика агентлиги статистик ҳисоботларга қўйиладиган халқаро талабларга мувофиқ, маълумотларни бевосита ишлаб чиқарувчилардан олиши керак.

Қайд этиш жоизки, Энергетика вазирлиги электр энергиясининг кунлик ёки ойлик ишлаб чиқарилиши, электр энергиясини ишлаб чиқариш манбалари бўйича мунтазам равишда маълумотларни эълон қилмайди.