Ички ишлар вазирлигининг тегишли электрон базасида техник узилишлар кузатилмоқда, деб хабар берди ИИВ матбуот хизмати.

Шу сабабли миграция ва фуқароликни расмийлаштириш ҳамда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималарни тўлаш билан боғлиқ давлат хизматларини кўрсатиш имконияти чекланмоқда.

Носозликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда, қисқа муддатларда тўлов тизимлари ишга туширилади, дейилади хабарда.

ИИВ 26 июндан техник муаммо тўғрилангунига қадар жарима қарорларининг ўтиб кетган имтиёзли даври автоматик қайта тиклаб берилишини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил апрель ойида имзоланган қарор билан, маъмурий жарималарнинг 50 фоизини 15 кун ичида, 70 фоизини 30 кун ичида тўлаганлар унинг қолган қисмини тўлашдан озод қилинади. Бироқ шундай ҳуқуқбузарлик 1 йил давомида такрор содир этилганда ёки протест билдирилганда чегирма қўлланмайди.