Қозоғистонда атом электр станцияси (АЭС) қурилиши бўйича референдум шу йилнинг кузида бўлиб ўтади. Бу ҳақда 27 июнь куни ОАВ ходимларини тақдирлаш маросимида мамлакат президенти Қосим-Жомарт Тоқаев айтиб ўтди.

«Мамлакатда атом энергетикасини ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжуд. Улардан тўғри ва самарали фойдаланиш муҳимдир. Бу масала бўйича якуний қарорни халқ қабул қилади. Референдум шу йилнинг кузида бўлиб ўтади», — деди Тоқаев.

Қозоғистон раҳбарининг аниқлик киритишича, референдумнинг аниқ санаси кейинроқ ҳукумат томонидан аниқланади.

Қозоғистон энергетика вазири ўринбосари Сунгат Есимханов журналистларга берган изоҳида референдум қандай ўтказилишини айтди. «Референдум аҳолининг атом электр станциясини ёқлаши ёки қаршилигини билдириши ҳақида бўлади. Қарор қабул қилингандан сўнг, аллақачон механизм, қисқа рўйхат, кимни (АЭС қурувчи давлат) танлаш кераклиги ва ҳоказо. Танлов иккита — „ёқлайман“ ёки „қаршиман“ бўлади. Мен шундай деб ўйлайман, лекин буни ҳукумат белгилайди», — деди у.

Қозоғистонда атом электр станциясини қуриш бўйича мунозаралар бир неча йилдан бери давом этиб келмоқда. 2023 йил cентябрида Тоқаев бу масалани референдумга қўйишни таклиф қилган эди. АЭС учун жой сифатида Олмаота вилоятининг Балхаш кўли қирғоғидаги Улкен қишлоғи танланди ва шу ерда илк оммавий муҳокамалар бўлиб ўтди.

  • Январь ойида Тоқаев Қозоғистон учун тоза атом энергияси жуда муҳим эканини айтган. «Бу иқтисодиётимиз келажаги учун асосий масала. Биз қазиб олинадиган табиий уран ҳажми бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллаб турибмиз, ядро ёқилғиси компонентларини ўзимизда ишлаб чиқарамиз. Шу боис мамлакатимиз ҳудудида атом электр станцияларини қуриш масаласига алоҳида эътибор қаратаман. Охир оқибат, энергия хавфсизлиги масаласини реал эҳтиёж ва имкониятлардан келиб чиқиб, ва албатта, геосиёсий мулоҳазалар асосида эмас, балки илмий тадқиқотлар асосида ҳал қилиш керак», — деди Қозоғистон раҳбари Egemen Qazaqstan нашрига берган интервьюсида.
  • Май ойида Қозоғистон энергетика вазири Алмасадам Саткалиев бир қанча давлатлар атом электр станциялари қурилиши учун дастлабки квалификациядан ўтганини ва ҳукумат барча аризаларни кўриб чиққандан сўнг етказиб берувчини аниқлашини айтди. «Корея, Россия, Хитой, Франция дастлабки саралашдан ўтди. Ушбу рўйхат тўлиқ эмас — биз қўшимча равишда бошқа имкониятларни, хусусан, кичик модулли реакторларни қуришни кўриб чиқмоқдамиз.Унда бир нечта мамлакатлар, хусусан, АҚШ иштирок этиши мумкин. Шунингдек, япон ишлаб чиқарувчилари билан қўшма лойиҳалар мавжуд», — деди вазир.