Иқтисодиёт ва молия вазирлиги «Менинг боғим» лойиҳасининг 2024 йил 1-мавсуми учун овоз бериш жараёни бошланганини маълум қилди.

Жараён 6 июль 10:00 гача давом этади. Фуқаролар қуйидаги усуллардан ўзига қулай бўлгани ташаббусларга овоз бериши мумкин:

  • «Очиқ бюджет» порталининг веб-саҳифаси;
  • порталнинг мобил иловаси;
  • Telegram`даги расмий бот орқали.

Лойиҳанинг таклиф киритиш жараёни 10 июнь куни бошланган ва 20 июнга қадар давом этган. Жараён қуйидаги 3 та босқичда ўтказилиши кўзда тутилган:

  • Таклиф киритиш (10 июндан — 20 июнгача);
  • Саралаш (20 июндан — 23 июнгача);
  • Овоз бериш (27 июндан — 6 июлгача, дастлаб 23 июндан — 3 июлгача бўлиб ўтиши режалаштирилганди).

Аввалроқ бюджетдан «Яшил макон» лойиҳасига ажратиладиган маблағларнинг камида 50 фоизи «Очиқ бюджет» портали орқали жамоатчилик фикри асосида шаклланган «Менинг боғим» лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилиши хабар қилинганди. Бу бўйича республикада яшиллик даражасини ошириш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини изчил амалга ошириш тўғрисидаги президент фармони қабул қилинган.

Аҳоли ташаббуси билан «яшил боғлар» ва «яшил жамоат парклари»ни ташкил қилиш бўйича майдон манзили ва расмлари кўрсатилган ҳолда қиймати 250 млн сўмдан ошмаган ташаббус билдирилади.

Фармонда «Менинг боғим» лойиҳаларини шакллантириш ва уларга овоз бериш жараёни ҳар йили январь-февраль ойларида ўтказилиши белгиланган.

29 март куни президент Шавкат Мирзиёев «Яшил макон» лойиҳаси доирасида баҳорги экиш мавсумини ташкил қилиш ҳамда чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан ўтаётган видеоселектор йиғилишида Экология вазирлигига «Менинг боғим» лойиҳасини ишга тушириш бўйича топшириқ берганди. Бунга бюджетда назарда тутилган 50 млрд сўм ажратилиши айтилган.