Россия фуқаролигини олган 10 мингга яқин муҳожир Украинага жанг қилиш учун юборилган. Бу ҳақда 27 июнь куни Санкт-Петербург халқаро юридик форумида сўзга чиққан Россия Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин маълум қилди.

«Биз муҳожирларнинг аста-секин Россияни тарк этишига олиб келадиган «фишка»ни топдик. Бу эса шундай: биз Конституция ва қонунларимизда фуқароликни олган шахслар ҳарбий рўйхатдан ўтиши ва, керак бўлса, махсус ҳарбий операцияда қатнашиши кераклиги ҳақидаги бандларини амалга оширишга киришдик», — деди Бастрикин.

Унинг сўзларига кўра, Россия ҳукумати аллақачон фуқароликни олган ва ҳарбийлар рўйхатидан ўтган 30 мингдан ортиқ одамни «овлаган».

«Улардан 10 мингга яқини махсус ҳарбий операция зонасига жўнатилган», — деди Россия Тергов қўмитаси раҳбари.

  • 2023 йил октябрь ойида Александр Бастрикин муҳожирлар Украинадаги урушда қатнашишдан бош тортса, уларни Россия фуқаролигидан маҳрум қилишни таклиф этганди. ««Махсус ҳарбий операция давом этаётган бир пайтда (Россия ҳукумати Украинага бостириб киришни шундай атайди — таҳр.), менимча, [мигрантларни] махсус ҳарбий операцияга жалб қилиш керак. Агар сен Россия Федерацияси фуқароси сифатида ҳарбий бурчингни бажаришга тайёр бўлмасанг, бундай шахсни фуқароликдан маҳрум қилиш тўғрисида қарор қабул қилишингиз керак», — деганди у.
  • Bloomberg нашрининг ёзишича, Россия ҳукумати 2022 йил сентябрь ойида 300 минг россияликнинг чақируви аҳоли орасида ваҳима ва мамлакатдан қочишга сабаб бўлганидан кейин номақбул сафарбарлик чораларидан қочишга ҳаракат қилмоқда. Буюк Британия Мудофаа вазирлиги Россия Марказий Осиё давлатларидан мигрантларни фаол равишда ёллашини, тезкор фуқаролик ва юқори маошларни ваъда қилаётганини таъкидлади. «Россияда Марказий Осиёдан борган камида 6 миллион муҳожир истиқомат қилади, Кремль уларни потенциал рекрутлар сифатида кўради», — деб ёзган агентлик ўтган йилнинг кузида.