НАТО 9−11 июль кунлари бўлиб ўтадиган саммитда Украинани иттифоққа қўшилишга таклиф қилмайди, балки узоқ муддатли истиқболда унга барча турдаги ёрдамни мувофиқлаштириш учун Германияда блок миссияси тузилганини эълон қилади, деб ёзмоқда The New York Times (NYT) манбаларига таяниб.

Газета суҳбатдошларига кўра, бу қадам ҳам Украинага, ҳам «Ғарб урушни қўллаб-қувватлашдан чарчайди» деган умидда бўлган Россияга «иттифоқчилик мажбуриятлари ҳақида кучли сигнал» беришга қаратилган.

Миссия НАТО шафелигида бўлиши сабабли аввалроқ альянс ва Украинага ёрдам ажратилишини кескин танқид қилган Дональд Трамп АҚШдаги президентлик сайловларида ғалаба қозонган тақдирда ҳам фаолият кўрсатишга мўлжалланган, дейилади материалда.

Миссия «НАТОнинг Украина учун хавфсизлик ёрдами ва тренинги» (NATO Security Assistance and Training for Ukraine, NSATU) деб номланди ва у АҚШнинг Висбадендаги ҳарбий объектида жойлашган. Миссияни, эҳтимол, НАТОнинг Европадаги олий қўмондони ва АҚШнинг Европадаги кучлари қўмондони генерал Кристофер Каволига бўйсунувчи америкалик генерал бошқаради.

Янги миссия амалдаги «имкониятлар коалицияси» — Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, артиллерия, F-16 қирувчи самолётлари ва ўқ-дорилар каби турли ҳарбий ёрдам кўрсатувчи давлатлар фаолиятини бирлаштиради.

Миссия, шунингдек, иттифоқчи давлатларда Украина ҳарбий тайёргарликларини ва Украина билан қатор давлатлар томонидан имзоланган узоқ муддатли икки томонлама хавфсизлик шартномаларини мувофиқлаштиради. «Режа билан таниш бўлган расмийларнинг сўзларига кўра, юқори қўллаб-қувватлаш ва ўқув линияларини битта қўмондонлик остида бирлаштириш бу оқимни тартибга солиш ва унинг уйғунлигини оширишдан иборат», — деб ёзди NYT.

Нашрнинг қайд этишича, Украинани НАТОга қабул қилишдан бош тортиш нафақат давом этаётган уруш, балки мамлакатда коррупцияга қарши кураш, демократия ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш бўйича «муҳим ислоҳотлар»ни ўтказиш зарурати билан ҳам боғлиқ.