Шавкат Мирзиёев Жиззах вилояти Зомин туманида Хитойнинг «Мингюан» компанияси билан ҳамкорликда қурилаётган технопаркдаги илк инвестиция лойиҳалари қурилишига старт берди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Махсус саноат зонаси учун 400 гектар ер майдони ажратилган. Уни инфратузилма билан таъминлаш бўйича манзилли дастур тасдиқланиб, 160 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.

зомин, технопарк

Бу борадаги амалий ишлар аввалроқ бошланган бўлиб, 30 дан ортиқ лойиҳалар шакллантирилган. Уларга хитойлик инвесторлар томонидан 1,2 миллиард доллар инвестиция йўналтирилади.

«Мазкур зонада ташқи бозорларда талаб юқори бўлган қўшилган қийматли маҳсулотлар чиқарувчи корхоналар ташкил этилади. Хусусан, электротехника, машинасозлик, қурилиш материаллари, мебелсозлик, озиқ-овқат ва хизмат кўрсатиш йўналишдаги лойиҳалар амалга оширилади. Натижада 5 мингдан ортиқ иш ўринлари пайдо бўлади, 4,7 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади ҳамда 70 миллион долларлик экспорт салоҳияти яратилади», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, технопарк ҳудудида Халқаро тажриба алмашинув инженерлик маркази ташкил этилиб, саноат корхоналари учун шу ернинг ўзида малакали мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилади.

зомин, технопарк

Шунингдек, ушбу ҳудудда офис маркази, турар жойлар, экобоғ, кўргазмалар зали ва савдо маркази барпо этилади. Маросимда давлат раҳбари рамзий тугмани босиб, технопаркдаги илк инвестиция лойиҳалари қурилишини бошлаб берди. Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилишида ишбилармонларга муваффақиятлар тилади.