Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец Жаҳон чемпионати-2026 учинчи саралаш босқичига қуръа ташлаш натижаларига муносабат билдирди.

«Барча ўйинлар қийин бўлади, жамоалар тенг. Сафар эътибори билан Ўзбекистонга яқин масофада жойлашган мамлакат терма жамоалари тушгани яхши бўлди. Бугунданоқ тайёргарликни бошлашимиз керак», — деди у.

Мутахассис Қатар билан ўйин ҳақида ҳам гапирди.

«Қатар жуда яхши жамоа, охирги Жаҳон чемпионати иштирокчиси, узоқ вақтдан бери бир хил таркибга эга. Уларни ҳурмат қиламиз. Бироқ асосий эътибор, фокус ўзимизга қаратилади. Мухлислардан охирги ўйиндаги каби қўллаб қувватлашларини сўрайман. Улар бизни қўлласа албатта яхши натижага эришамиз», — деди жамоа мураббийи.

Сречко Катанецнинг фикрича, Ўзбекистон жаҳон чемпионатига чиқа олади.

«Мундиалга йўлланмани қўлга киритишимизга тўлиқ ишонаман, мағлубиятсиз серияда кетяпмиз. Футболчилар жароҳат олмасдан, ўз клубида доимий ўйин амалиётига эга бўлишлари жуда муҳим», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, Сречко Катанец бошчилигидаги кетма-кет мағлубиятсиз ўйинлар сони (Осиё кубоги чорак финалида Қатардан пеналтилар сериясидаги мағлубиятни ҳисобга олмаганда) 13 тага етди.

2026 йилги жаҳон чемпионатига саралашнинг 3-босқичига қуръа ташлаш натижаларига кўра, Ўзбекистон «А» гуруҳидан жой олиб, Эрон, Қатар, БАА, Қирғизистон ва КХДР терма жамоалари билан ўйнайдиган бўлди. Учрашувлар 5 сентябрь куни бошланади.