Yandex Go такси хизмати Хоразм вилоятининг Урганч ва Хива шаҳарларида ишга тушди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

«Бой маданий меросга эга, сайёҳлар оқими кўп бўлган Хива шаҳрида тарихий жойларни кўриш истагида бўлганлар учун мазкур хизмат орқали саёҳатлар қулай бўлади. Муҳим транспорт маркази бўлган ва аэропорт жойлашган Урганчда Yandex Go сизга шаҳар бўйлаб қулай ва тез ҳаракатланиш имконини беради. Бундан ташқари, хизматнинг ишга туширилиши транспорт инфратузилмасини яхшилайди ва минтақанинг иқтисодий ривожланишини қўллаб-қувватлайди», — дейди Yandex Taxi компаниясининг МДҲ мамлакатларида ривожланиш бўйича директори Кирилл Свинцов.

yandex go, урганч, хива

Фойдаланувчилар борадиган манзилини киритиш ва тегишли тарифни танлаш орқали мобил илова орқали такси чақириши мумкин. Иловада автомобилнинг етиб келиш вақти, ҳайдовчи ва автомобил модели ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади.

Саёҳатлар учун йўл ҳақини нақд пулда ёки иловага боғланган карта ёрдамида тўлаш мумкин. Хива ва Урганчга саёҳатнинг минимал нархи 2500 сўмдан бошланади.

Yandex Go Ўзбекистонда 2018 йилнинг апрель ойида ишга туширилган. Ушбу хизмат Хива ва Урганчдан ташқари яна 11 та шаҳарда — Тошкент шаҳрида, Наманган, Андижон, Фарғона, Марғилон, Қўқон, Самарқанд, Бухоро, Нукус ва Қарши ва Термизда фаолият юритмоқда.