Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги сув станциясида бир киши газдан заҳарланиб вафот этди, 2 киши касалхонага ётқизилди, дея хабар бермоқда «Ўзсувтаъминот» компанияси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, ҳолат шаҳарнинг «Боғишамол» МФЙ Гулистон кўчасида жойлашган 5-оқова сув ҳайдаш насос станциясида содир бўлган. У ерда бўлган «Сирдарё сув таъминоти» компаниясининг Гулистон шаҳар филиалидаги 3 нафар ходимида газдан заҳарланиш кузатилган ва аҳволи оғирлашган.

Улардан бири Ҳ.И. вафот этган, қолган икки нафар ходим — З.Б. ва Х.А. вилоят касалхонаси жонлантириш бўлимига ётқизилган. Шифокорлар уларнинг аҳволи ўта оғирлигини айтган.

Ҳолат юзасидан тегишли идоралар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.