Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент шаҳри ва вилоятида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши тезкор тадбир ўтказгани ҳақида хабар берди.

Қайд этилишича, рейд давомида Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги хонадонда яширин нарколаборатория ташкил этган Украина (26 ёш, аёл) ва Озарбайжон (23 ёш, эркак) фуқаролари аниқланди.

Улар вақтинча истиқомат қилаётган уйдан 411 гр «Альфа-ПВП» синтетик гиёҳвандлик воситаси, 7 кг га яқин яримтайёр наркотик моддалар ҳамда 237 кг прекурсорлар борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Маълум бўлишича, гумонланувчилар хориждан келтирилган хомашёлар ёрдамида синтетик гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш ва сотиш билан шуғулланган.

Тошкент шаҳри Сергели туманида қайд этилган ҳолатда эса қўшни республикадан (қайси давлат экани айтилмаган — таҳр.) халқаро йўловчи ташувчи автобус орқали юборилган 4,8 кг «Альфа-ПВП» синтетик наркотикни қабул қилиб олган 39 ёшли эркак қўлга олинди.

гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси, дхх, наркодўкон, нарколаборатория

Аниқланишича, у Telegram мессенжерида фаолият юритувчи наркодўкон учун омбор вазифасини бажариб келган.

Бошқа ҳолатда эса Юнусобод туманида яшовчи 25 ёшли йигит ўз хонадони яқинида жойлашган электр трансформатори остига келгусида сотиш мақсадида 584 гр гашиш моддасини яшириб қўйгани маълум бўлди.

гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси, дхх, наркодўкон, нарколаборатория

Наркотик модда процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Келтирилишича, фуқаро Telegram`да наркодўкон ташкил қилиб, хориждан олиб келинган гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланган.

Ҳозирда учала ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган. Гумонланувчиларга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.