Европа Иттифоқи мамлакатлари етакчилари Брюсселда бўлиб ўтган саммитда иттифоқ етакчиларини тайинлаш ва номзодлар бўйича келишиб олди, деб хабар берилди Европа кенгаши сайтида.

Шарль Мишель ўрнига Португалиянинг собиқ бош вазири Антониу Кошта Европа кенгаши раиси этиб сайланди.

Урсула фон дер Ляйен иккинчи муддатга Еврокомиссия раиси лавозимига таклиф қилинди.

Эстония бош вазири Каи Каллас Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили лавозимига номзоди илгари сурилди.

ЕИнинг бўлажак етакчилари номзодлари энди 16−19 июль кунлари Страсбургда бўлиб ўтадиган янги чақириқда Европа парламенти томонидан тасдиқланиши керак. Июнь ойида Европарламентга бўлиб ўтган сайлов натижаларига кўра, фон дер Ляйен аъзо бўлган Европа халқ партияси етакчиликни сақлаб қолганди.

Номзоди таклиф қилингач, фон дер Ляйен Европа Иттифоқи раҳбарларига кўрсатилган ёрдам учун миннатдорлик билдирди. «Мен бу лаҳзани дўстларим Антониу Кошта ва Каи Каллас билан баҳам кўришдан шодман», — деб ёзди у.

Номзодлар ҳақида нималар маълум?

Урсула фон дер Ляйен

2019 йилда 65 ёшли фон дер Ляйен Европа комиссиясини бошқарган биринчи аёл бўлди. Сиёсатчининг илк муддати иккита йирик инқирозни ўз ичига олди: COVID-19 пандемияси ва Украинадаги уруш. У пандемияга қарши курашдаги роли, Европа Иттифоқи барча фуқаролар учун вакциналарни биргаликда сотиб олгани учун мақтовга сазовор бўлди. Аммо Европа комиссияси раҳбари вакцина ишлаб чиқарувчилар билан музокараларда шаффофлик йўқлиги учун ҳам кескин танқидга учради.

антониу кошта, европа иттифоқи, каи каллас, урсула фон дер ляйен

Европа комиссияси президенти сифатида Урсула фон дер Ляйен Европа Иттифоқининг сиёсий кун тартибини белгилайди, Европа кенгаши йиғилишларида, G7 ва G20 саммитларида, Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган давлатлар билан саммитларда ва Европа Парламентидаги мунозараларда комиссия вакили сифатида қатнашади. Бундан ташқари, Европа комиссияси иттифоқ ҳамкорлари билан савдо музокараларини олиб бормоқда.

Антониу Кошта

Португалиянинг 62 ёшли собиқ бош вазири 2,5 йил муддатга сайланди, бу муддат бир марта узайтирилиши мумкин.

Европарламентга сайловларда Социалистлар ва Демократлар прогрессив альянси партиясининг иккинчи ўринни эгаллаши унинг Европа кенгаши раҳбари лавозимига номзодини маъқулланишига ёрдам берди. Шу билан бирга, AP ёзганидек, Коштанинг танланиши сиёсатчини истеъфога чиқишга мажбур қилган Португалия ҳукуматидаги коррупция бўйича тергов туфайли баҳсли кечди. Коштанинг ўзи ҳар қандай қонунбузарликни рад этади ва унга нисбатан айблов қўйилмаган.

антониу кошта, европа иттифоқи, каи каллас, урсула фон дер ляйен

Антониу Кошта Европа Иттифоқи саммитидаги онлайн конференция давомида. Фото: Европа Иттифоқи.

Европа кенгаши Европа Иттифоқига аъзо давлатларни, шунингдек, Европа комиссияси раисини бирлаштиради. Кенгаш раҳбари иттифоқ сиёсатининг йўналишини ҳам белгилайди.

Кошта малакали музокарачи сифатида танилган ва фон дер Ляйен билан бирга халқаро саммитларда иштирок этади. Ундан олдинги раҳбар Шарль Мишель комиссия раҳбари билан кескин муносабатларга эга эди.

Каи Каллас

47 ёшли Каллас юристлик бўйича ўқиган, у 2021 йилда Эстония ҳукуматини бошқарган ва бундай лавозимни эгаллаган биринчи аёл бўлганди.

антониу кошта, европа иттифоқи, каи каллас, урсула фон дер ляйен

Каллас Украинанинг фаол тарафдори ва Россиянинг танқидчиси. Айнан у НАТОдан Болтиқбўйининг учта давлати — Россия билан чегарадош Эстония, Латвия ва Литва учун пухта мудофаа режасини тақдим этишни талаб қилган.

Каллас НАТО бош котиби лавозимига ҳам кўриб чиқилди, бироқ бу лавозимни Голландия бош вазири Марк Рютте эгаллади.