Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар тадбиркорлиги жамғармаси Ёшлар ишлари агентлигига ўтказилади. Бу ҳақда 28 июнь куни президент раислигидаги йиғилишда маълум қилинди.

«Ёшларни катта даромад келтирадиган касбларга ўргатиш, юқори қўшилган қиймат яратадиган лойиҳаларни кўпайтириш бўйича ҳам катта ўзгаришлар бўлади», — дея қайд этилди мажлисда. Бунинг учун ҳар йили 100 миллион доллар ажратилади.

Таъкидланишича, энг кўп иш ўрни яратган ёш тадбиркорлар жамғарма кенгашига киради, жамғарма раҳбарини ҳам ушбу ёшларнинг ўзи сайлайди.

Жамғарма, ёшларнинг энг яхши 500 та лойиҳасини танлаб олади ва уларга «бизнес пакет» қилиб беради, лойиҳани тайёр бизнесга айланиб, даромад келтиришгача барча жараёнида кўмаклашади, бозорини топади.

Жамғарма ҳокимлар билан биргаликда 14 та туманни танлаб, «тўртинчи саноат» касбларига ўқитиш маркази очади ва тўлиқ жиҳозлаб беради.

Ушбу марказлар ёш тадбиркорларга 1 йил имтиёзли давр билан 10 йилга ижарага берилади. Марказларнинг ўқув дастурлари халқаро стандартларга мослаштирилади. Жамғарма Сурхондарё тажрибаси асосида ҳар бир вилоятда биттадан Ёшлар саноат зонасида саноат бинолари қуради.

Бу жойлар «саноат ипотекаси» асосида юқори қиймат яратадиган лойиҳалар учун ёшларга 7 йилда бўлиб тўлаш шарти билан берилади. Бунда ёшлардан биринчи йил учун тўлов ундирилмайди.

Шунингдек, ҳар бир вилоятдаги биттадан Баркамол авлод марказида «Креатив саноат парклари» ташкил қилинади. Уларга IT парк резидентлари учун назарда тутилган имтиёзлар берилади.

«Креатив саноат парклари» олийгоҳлар ва йирик ишлаб чиқарувчиларга бириктирилади. Бу парклар ёш тадбиркорлар, илм ва бизнес ўртасида мулоқот майдончаси бўлади. Жамғарма бу ердаги ёшларнинг стартапларига уч йилга 100 миллион сўмгача ссуда беради.

Ушбу ёш тадбиркорларга фаолиятини кенгайтириш ва айланма учун кейинчалик 100 миллион сўм имтиёзли кредит берилади.