Грузиянинг Европа Иттифоқига кириш жараёни мамлакатда қабул қилинган «хорижий агентлар» тўғрисидаги қонун туфайли амалда тўхтатилди. Бу ҳақда 27 июнь куни Брюсселда бўлиб ўтган саммит якунлари бўйича эълон қилинган баёнотда маълум қилинди, дея хабар қилмоқда DW.

Европа Иттифоқи давлатлари раҳбарлари маъқуллаган ҳужжатга кўра, тегишли қонун Еврокомиссиянинг Грузияга ЕИга номзод мақомини бериш бўйича тавсияларидан четга чиқиш ҳисобланади.

Ҳужжатда Грузия ҳукумати Грузиянинг Европа Иттифоқига кириш йўлини хавф остига қўювчи ва амалда қўшилиш жараёнининг тўхтаб қолишига олиб келадиган ҳаракат йўналишини ўзгартиришга чақирилади.

Грузия 2023 йил декабрида Европа Иттифоқига кириш учун номзод давлат мақомини олганди. Ҳафта бошида Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел ЕИ мақомни бекор қилиш масаласини кўриб чиқиши мумкинлигини айтди.

Аввалроқ АҚШ «хорижий агентлар» тўғрисидаги қонун қабул қилиниши муносабати билан ўнлаб Грузия фуқароларига, жумладан, Грузия парламенти аъзолари ва хавфсизлик ходимларига нисбатан виза чекловларини жорий қилганди. Тбилиси мэри ва «Грузия орзуси» бош котиби Каха Каладзе «ҳеч ким санкциялардан қўрқмаслигини» ва улар «Ватанга бўлган муносабатини ўзгартирмаслигини» айтди.

  • «Хорижий агентлар тўғрисида»ги машҳур қонун «Грузия орзуси» ташаббуси билан май ойининг ўрталарида Грузия парламенти томонидан қабул қилинганди. Ҳужжат мамлакатда оммавий норозиликлар келтириб чиқарган, шунингдек, АҚШ ва Европа Иттифоқининг танқидига сабаб бўлган. Грузия президенти Саломе Зурабишвили қонунга вето қўйган, бироқ парламент кўпчилик овоз билан уни бекор қилишга муваффақ бўлганди.
  • Қонун молиялаштиришнинг 20 фоиздан ортиғини хориждан оладиган ННТ ва ОАВни «хорижий давлат манфаатларини илгари сурувчи ташкилот» сифатида давлат реестрида рўйхатдан ўтказиш мажбуриятини юклайди. Мухолифат вакиллари ва маҳаллий ОАВ ушбу ҳужжатни Россиянинг хорижий агентлар тўғрисидаги қонунчилигига ўхшашлиги учун «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун деб атамоқда. Уларнинг таъкидлашича, қонун Грузиядаги танқидий овозларни бостириш ва мамлакатнинг ЕИга қўшилиш имкониятларини йўққа чиқаришга уриниш ҳисобланади.
  • 23 май куни АҚШ Давлат департаменти ушбу қонуннинг қабул қилинишига жавобан Грузияга нисбатан виза чеклаш сиёсатини жорий қилаётганини эълон қилганди. Департамент баёнотида айтилишича, чекловлар Грузиядаги «демократияга путур етказиш»да айбдор бўлганлар ёки уларнинг шериклари ҳамда оила аъзоларига нисбатан қўлланади.
  • Айрим ЕИ давлатлари ҳам «хорижий агентлар тўғрисидаги» қонун туфайли Грузияга қарши санкциялар киритиш ҳақида ўйламоқда. Эҳтимолий вариантлар орасида Грузия фуқаролари учун ЕИда визасиз режимни бекор қилиш (2017 йилдан бери амалда), мақсадли санкциялар ва ЕИ фондлари маблағларини музлатиш бор.