Ўзбекистонда IT соҳасида ўзини ўзи банд қилган ёшларга IT парк резиденти мақоми берилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев ёшлар сиёсати соҳасида амалга оширилган ишлар сарҳисоби, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши маълум қилди.

Қайд этилишича, бугунги кунда IT соҳасида ўзини ўзи банд қилган ёшлар — фрилансерлар 50 мингдан ошди. Бундай ёшлар йилига эллик, юз, ҳатто икки юз минг долларгача экспорт қилмоқда.

Йиғилишда уларни бошини қовуштирадиган, муаммоларини эшитиб, ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган тизим йўқлиги таъкидланди.

Қўшилган қиймат яратиб, уни экспорт қилаётган бундай ёшлар учун ҳам катта имкониятлар эшигини очиб бериш зарурлиги таъкидланди.

Шундан келиб чиқиб, эндиликда:

  • IT соҳасида ўзини ўзи банд қилган ёшларга IT парк резиденти мақоми берилади;
  • улар уч йил муддатга барча солиқлардан озод қилинади;
  • IT парк томонидан IT компаниялардаги каби тиббиёт, спорт ва офисдан фойдаланиши учун уларга «ижтимоий карта» берилади.