Андижон вилояти Олтинкўл тумани собиқ ҳокими, журналист Назиржон Саидов 76 ёшида вафот этди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Назиржон Саидов 1948 йилда Олтинкўл туманида туғилган. 1979 йилда Тошкент давлат университетининг журналистика факультетини тугатган.

Турли йилларда мухбир, бўлим мудири ва муҳаррир ўринбосари сифатида ишлаган. «Андижоннома», «Андижанская правда» каби газеталарда муҳаррир бўлган.

1984 йилдан 1999 йилгача ҳокимлик тизимида ишлаган, жумладан, Олтинкўл тумани ижроия қўмитаси раиси ўринбосари, 1990−1993 йилларда Олтинкўл тумани ҳокими, 1993−1999 йилларда Андижон вилояти ҳокими ўринбосари, котибият мудири бўлиб ишлаган. 2008−2021 йилларда Журналистлар уюшмаси Андижон вилояти бўлими раҳбари сифатида фаолият юритган.

У 2001 йилда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» фахрий унвони, 2019 йилда «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланган, Олий Мажлис депутати бўлган.