27 июнь куни «Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки» АЖ («Ўзмиллийбанк») икки траншдан иборат жами 411 млн АҚШ доллари миқдоридаги облигацияларни Лондон фонд биржасида муваффақиятли жойлаштирди. Жумладан:

  • 300 млн доллари — 5 йил муддатга;
  • миллий валютада 1400 млрд сўм — 3 йил муддатга.

«Ўзмиллийбанк» ўз облигацияларини халқаро инвесторлар диққатига 2024 йил 21 май куни Ўзбекистоннинг умумий қиймати 1,5 млрд долларига тенг суверен халқаро облигациялари илк бор учта валютада жаҳон молия бозорларида жойлаштирилганидан сўнг тақдим этди.

Облигацияларни жойлаштиришни муваффақиятли ташкил этиш мақсадида «Ўзмиллийбанк» томонидан етакчи глобал банклар-андеррайтерлар, юридик ва аудиторлик компанияларидан бири жалб қилинди:

  • банк-андеррайтерлар:
    • JP Morgan — АҚШ;
    • Citibank — АҚШ;
    • Deutsche Bank — Германия;
    • NATIXIS — Франция;
    • Societe Generale — Франция;
    • Standard Сhartered Bank — Буюк Британия;
    • First Abu Dhabi Bank — БАА;
    • Mashreqbank — БАА;
  • аудиторлик компаниялар: Deloitte & Touche; Ernst & Young;
  • юридик компаниялар: Dentons ва Linklaters.

Лондон фонд биржасида облигациялар хисобига жалб қилинган маблағлар, биринчи навбатда, Ўзбекистон президенти томонидан 20 май куни хорижий инвестицияларни жалб қилишда банкларнинг иштирокига оид йиғилишда берган топшириқларини сўзсиз бажаришга қаратилган ва иқтисодиётнинг турли тармоқларидаги муҳим лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур бўлган инвестицияларни таъминлайди. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатнинг иқтисодий ўсишини рағбатлантиришга хизмат қилади.

«Ўзмиллийбанк» Ўзбекистон тижорат банклари орасида биринчилардан булиб миллий валютада халқаро облигацияларни жаҳон молия бозорида оммавий тарзда жойлаштирди. Миллий валютада жалб қилинган маблағлар пировард мақсадда республика ҳудудларида аҳоли бандлигини таъминлаш учун турли тармоқларда лойиҳаларни молиялаштириш, замонавий кўп қаватли уй-жойлар қуриш, хизматлар сохасини ривожлантиришга ҳамда улар натижасида аҳолининг турмуш шароитини яхшилашга йуналтирилади.

Дунёда давом этаётган мураккаб вазиятга қарамай, «Ўзмиллийбанк»нинг облигациялари жаҳон молия бозорида муваффақиятли жойлаштирилиши Ўзбекистон президенти томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ва оқилона ислоҳотларга халқаро инвесторлар томонидан билдирилган ишонч натижасидир.

«Ўзмиллийбанк»нинг мазкур облигациялар транзакцияси Ўзбекистоннинг бошқа тижорат банклари ва корхоналари учун мезон (Benchmark) бўлиб хизмат қилади.

Лондон фонд биржаси 1801 йилда ташкил этилган бўлиб, дунёдаги етакчи фонд биржаларидан бири ҳисобланади ва Буюк Британиянинг молиявий марказида жойлашган. Лондон фонд биржасида турли хил компанияларнинг акциялари сотилади ва сотиб олинади, бу компанияларга ўз бизнесини ривожлантириш учун маблағлар жалб қилиш имконини беради.

Реклама ҳуқуқлари асосида.