Ўзбекистонда кам қувватли атом электр станцияси (АЭС) қурилиши бўйича маҳаллий жамоатчилик эшитувлари ўтказилади. Бу ҳақда Атом энергияси агентлиги (Ўзатом) директори маслаҳатчиси Қосим Тўхтахунов Марказий Осиёда атом энергетикасини ривожлантириш бўйича «Остона-Москва-Тошкент» видеокўпригида маълум қилди.

«Референдум масаласига келсак, келинг бундай… Конституциямизга кўра, бу масалалар бўйича референдум ўтказишга ҳожат йўқ, лекин биз табиий равишда жойларда жамоатчилик муҳокамаларини ўтказамиз», — деди у.

Янги Ўзбекистонни қуриш жараёнида мамлакат «халқаро меҳнат тақсимотининг хом ашё етказувчи» бўлиб қолиш ниятида эмас, қўшимча қийматли маҳсулотлар етказиб бериш учун маҳаллий хомашёни қайта ишлаш режалаштирилмоқда. Бунга мисол қилиб, қайта ишлана бошлаган пахтанинг тўқимачилик ва калава сифатида хорижга сотилаётганини, бунинг натижасида валюта тушуми 4 баробар ошгани, 100 минг иш ўрни яратилганини таъкидлади.

Уран билан ҳам шундай қилиш режалаштирилган. «Нега уранни қайта ишлаш ва қўшимча маҳсулотлар олиш керак эмас? Президентимиз олдимизга ана шу вазифани қўйди. Шу боис атом энергетикаси масаласи биз учун ўзини оқлайди ва Ўзбекистон атом энергетикасини — нафақат йирик, балки кичик модулли [атом электр станциялари]ни ҳам ишонч билан ривожлантиради, деб ишонамиз», — деди Тошкентдаги ММФИ Миллий тадқиқот ядро университети катта ўқитувчиси Қосим Тўхтахунов.

«Ўзатом» раҳбари маслаҳатчиси бугунги кунда Ўзбекистон учун кичик модулли реакторлар мақбулроқ эканини таъкидлади.

«Улар анча мослашувчан. Иш режими 120% ни ташкил қилади. Биз ҳозир қайта тикланадиган энергия, қуёш энергиясини кенг кўламда жорий этаётганимизни ҳисобга олсак, бизда энергия балансини қоплаш бўйича жуда кўп саволлар пайдо бўлади. Ҳисоб-китобларимиз шуни кўрсатадики, кичик, модулли ядро энергияси энергия тизимининг ишлаш режимига жуда муваффақиятли, жуда уйғун бўлиши мумкин», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, «Росатом»нинг бош пудратчи сифатида танланиши «соф прагматик ёндашув» билан изоҳланади.

«Биз дунёда нима бўлмоқда, қандай компаниялар ишлайди, улар қандай ишлашини таҳлил қилдик. Табиийки, бизнинг танловимиз фақат „Росатом“ фойдасига. Бу ерда соф техник, соф прагматик ёндашув бор», — деди «Ўзатом» вакили.

  • Медиа кўприк 26 июнь куни бўлиб ўтди. Шу куни Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги Тузкон кўли бўйида атом электр станциясини қуриш бўйича шартномани кучга киритиш тартиби тўғрисида баённома имзоланди. Станция инфратузилмасини яратиш ишлари кузда бошланади.
  • АЭС қурилиши бўйича шартнома 27 май куни Россия президенти Владимир Путиннинг Тошкентга ташрифи чоғида АЭС қурилиши дирекцияси ва «Атомстроэкспорт» компанияси («Росатом»нинг муҳандислик бўлими) ўртасида тузилган эди.
  • Бундан ташқари, 2018 йил 7 сентябрдаги Ўзбекистон ҳудудида атом электр станциясини қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги баённома имзоланди.
  • Станция қурилишида «Росатом» бош пудратчи бўлиб, қурилишда Ўзбекистон компаниялари ҳам иштирок этади.
  • «Росатом» раҳбари Алексей Лихачевнинг айтишича, станцияни ишга тушириш 2029 йилдан 2033 йилгача «босқичма-босқич, модулма-модуль» режалаштирилган. Кичик атом электр станциясида умумий қуввати 330 МВт бўлган олтита РИТМ-200Н босимли сувли ядро реакторлари бўлади.
  • Унинг сўзларига кўра, лойиҳа Ўзбекистонда маҳаллийлаштиришнинг катта улуши билан амалга оширилади. «Ўзбекистон томонидан молиялаштириш, давлат (Россия) кредити масаласи муҳокама қилинмаяпти», — деди у.
  • Кам қувватли атом электр станциясининг биринчи реактори беш йилдан сўнг ишга туширилиши режалаштирилган. Лойиҳа қиймати махфий маълумотлар бўлиб, ошкор этилмайди, дейди «Ўзатом» агентлиги. Иншоот Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги Тузкон кўли ёнида жойлашган.