Шавкат Мирзиёев 28 июнь куни ёшлар сиёсати соҳасида амалга оширилган ишлар ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Қайд этилишича, ёшлар хорижий олийгоҳларда ўқиш учун математика, инглиз тили ва илмий фикрлаш бўйича SAT имтиҳонини топширмоқда. Бу тестларда 75 фоиздан юқори натижа кўрсатган ўқувчилар чет элни энг нуфузли олийгоҳларига грант ютяпти.

«Энди бундай ёшларни ўзимизни олийгоҳларга ҳам грантга қабул қиламиз», — деди президент.

Маълумот учун, SAT (Scholastic Aptitude Test) — танқидий фикрлаш кўникмаларини текшириш учун ўтказиладиган имтиҳон, у математика ва инглиз тили фанлари бўйича олинади. Шунингдек, АҚШ, Сингапур, Туркия, Гонконг ва Япониядаги айрим университетларга кириш учун стандартлаштирилган тест ҳам ҳисобланади.

Таъкидланишича, бугунги кунда 110 минг ўзбекистонлик ўғил-қиз хорижда таҳсил олмоқда.

Хусусан, «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали етти йилда АҚШнинг «Печак лигаси»га кирувчи Гарвард, Йель, Колумбия, Стенфорд каби топ-8 та, Буюк Британиянининг «Расселл гуруҳи»даги Оксфорд, Кэмбридж, Бирмингем каби 24 та олийгоҳни 50 нафар ёшлар битирди. Бу нуфузли олийгоҳларда ўқиётган ёшлар сони эса 200 дан ошди.

Янги ўқув йилидан олийгоҳлар қошидаги жами 73 та академик лицейда тажриба тарзида «Халқаро бакалавриат» ва A-level дастурлари жорий қилинади. Бу дастурлар асосида сертификат олган ўқувчилар ўша олийгоҳга имтиҳонсиз, контракт асосида қабул қилинади.

Давлат раҳбари Ўзбекистон жадал ривожланиши учун «тўртинчи саноат инқилоби» касблари жуда муҳимлигини қайд этди. Шу муносабат билан ёшларни физика, кимё, биология, технология, муҳандислик, математика (СТЭМ) билан боғлиқ касбларга қизиқишини ошириш учун янги тизим жорий қилинишини ҳам айтди.