Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, ЮНИСЕФ ва Колумбия университетининг Ижтимоий иш мактаби (АҚШ) ҳамкорлигида Ҳамжамиятларни мустаҳкамлаш ва ижтимоий фаровонликни ривожлантириш маркази ташкил этилди. Тегишли қарор Ўзбекистон ҳукумати томонидан 24 июнь куни тасдиқланди.

Ҳужжатга кўра, марказ ижтимоий ҳимоя соҳасида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шунингдек, мазкур жараёнда агентлик тизимидаги муассасаларга илмий-методологик кўмаклашадиган муассаса ҳисобланади.

Марказда илмий-тадқиқот ишлари, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш агентлик ва Колумбия университетининг Ижтимоий иш мактаби томонидан тасдиқланган ўқув режалари ва дастурлари асосида келишувга кўра ташкил этилади ҳамда давлат тили ёки инглиз тилида олиб борилади.

Марказнинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:

  • ижтимоий ҳимоя ва аҳолининг руҳий саломатлиги соҳасидаги муаммоларни тадқиқ этиш ҳамда ҳал қилишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш;
  • ижтимоий ҳимоя соҳасида иш жараёнларини ташкил этиш методологиясини яратишга кўмаклашиш орқали Ўзбекистонда профессионал ижтимоий иш тизимини жорий этишни қўллаб-қувватлаш;
  • ижтимоий хизматларни маҳалла даражасида ташкил этиш бўйича илмий тавсиялар ишлаб чиқиш;
  • Колумбия университетининг Ижтимоий иш мактаби билан ҳамкорликда илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш.

Хориждан жалб қилинадиган профессор-ўқитувчилар Колумбия университетининг Ижтимоий иш мактаби томонидан, бошқа ходимлар, жумладан, маҳаллий профессор-ўқитувчилар агентлик томонидан марказ фаолиятига жалб этилади.