Ўзбекистондаги техникум битирувчиларига иккинчи ёки учинчи курсдан бошлаб олий таълим муассасасида контракт асосида ўқишни давом эттириш имконияти берилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 28 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.

Хусусан, олий таълимнинг биринчи ва иккинчи курс фанлари техникумлар билан интеграциялаштирилади. Техникумларни яхши баҳолар билан тамомлаган ёшларга халқаро таснифга мос келадиган диплом берилади.

Касби бўйича малака даражаси ва икки йиллик стажи бор ёшлар корхона тавсияси билан контракт асосида олий таълимга қабул қилинади.

Бундан ташқари, олий ўқув юрти, вазирлик ва корхоналарга тегишли лабораторияларнинг ягона онлайн платформаси яратилади. Бундай илмий марказлар Тошкент техника, Самарқанд ва Урганч давлат университетларида ҳам ташкил қилинади.

Ёш олимлар тадқиқотлари учун керак бўлган ускуна, бутловчи қисм ва кимёвий воситалар бождан озод қилинади.

Президент ўзбекистонлик ёшлар халқаро олимпиадаларнинг назарий қисмида юқори натижаларга эришаётгани, лаборатория машғулотларида эса паст балл олишини таъкидлади. Шу боис энди Президент мактаблари агентлиги қошида Олимпиадаларга тайёрлаш маркази очилиб, махсус лабораториялар билан жиҳозланади.

Халқаро олимпиадада қатнашувчи терма жамоа режа асосида ушбу марказда тайёргарлик кўради. Бунинг учун ҳар бир фан бўйича малакали олим ва хорижий мутахассислар жалб қилинади.

Шу йиғилишда Президент SAT имтиҳонида (АҚШ университетларига кириш учун стандартлаштирилган тест) 75 фоиздан юқори натижа кўрсатган ёшлар Ўзбекистондаги олий ўқув юртларига грант асосида ўқишга кириши мумкинлигини ҳам маълум қилди.

Бундан ташқари, янги ўқув йилидан олийгоҳлар қошидаги жами 73 та академик лицейда тажриба тарзида «Халқаро бакалавриат» ва A-level дастурлари жорий қилинади. Бу дастурлар асосида сертификат олган ўқувчилар ўша олийгоҳга имтиҳонсиз, контракт асосида қабул қилинади.