Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида эркак 6 ёшли болани камар билан калтаклаб, мушт туширганди. Болалар омбудсмани унга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Аввал хабар берганимиздек, 36 ёшли Ш. Н. шаръий никоҳидаги Т.Д.нинг 2017 йилда туғилган 6 ёшли фарзанди Э.О.ни яшаш хонадони ҳовлисида калтаклаган. Тиббий кўрик пайтида эркакнинг руҳиятида ўзгаришлар борлиги аниқланиб, руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг маълумот беришича, унга нисбатан Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми «а» банди (Қийнаш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари бошланган.

«Болага нисбатан бу каби зўравонликка йўл қўйганлар ким бўлишидан қатъи назар, тегишли жавобгарликка тортилиши шарт. Бола давлат ва қонун ҳимоясида», — дея қўшимча қилди Сурайё Раҳмонова.