Ўзбекистонда оғир шароитга тушиб қолган қизларга 1 хонали ижтимоий уйлар қуриб берилади. Бу ҳақда 28 июнь куни Шавкат Мирзиёев ёшлар сиёсати соҳаси бўйича ўтказган йиғилишида маълум қилди.

Президент бундан кейин ҳам қизларнинг таълим олиши, даромад топиши, шароитларини яхшилаш борасидаги ишлар давом эттирилишини таъкидлади.

Хусусан, оғир шароитга тушиб қолган уй-жойга муҳтож қизлар учун 1 хонали ижтимоий уйлар қурилади. Улар ишга жойлашиб, оёққа туриб олгунга қадар ушбу уйларда 3 йил давомида бепул яшаши мумкин бўлади.

Ҳокимларга ижтимоий уйларнинг намунавий лойиҳасини қилиб, қурилишни бошлаш топширилди.

Соғлиги туфайли ишга қатнай олмайдиган қизларнинг яшаб турган хонадонида масофавий иш билан таъминлаш чоралари кўрилади. Бундан ташқари, 3 ёшгача фарзанди бор талаба-қизларга масофавий таълим олиш имконияти яратилади.

Аввалроқ маҳаллаларда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш марказларини очган тадбиркорларга давлат гранти ажратилиб, 1 нафар аёл учун 3 млн сўмдан ошмаган миқдорда пул тўланиши хабар қилинганди. Маблағлар Оила ва хотин-қизлар жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилади.