Шавкат Мирзиёев 29 июнь куни туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Ўзбекистон раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовни таваллуд куни билан самимий қутлаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва катта муваффақиятлар, қардош Туркманистон халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.

Миллий етакчининг замонавий Туркманистонни барпо этиш ва ривожлантириш, мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, кўп қиррали Ўзбекистон-Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашдаги тарихий ўрни алоҳида қайд этилди.

«Етакчилар қўшма Ҳукуматлараро комиссиянинг бўлажак йиғилишида саноат, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги соҳалари, ҳудудлараро ва маданий алмашинувни ривожлантириш бўйича янги кооперация лойиҳаларини ишлаб чиқиш муҳимлигини қайд этдилар», — дейилади хабарда.

Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари ҳам кўриб чиқилди.