Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 25 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишда «Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчаларни қабул қилди (видео).

Парламент қуйи палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ўринбосари Козимжон Тожиев ушбу ҳужжат «Киберхавфсизлик тўғрисида»ги ва «Давлат чегараси тўғрисида»ги янги қонунларда, шунингдек, янги Конституцияда белгиланган нормаларни мазкур қонунда акс эттириш мақсадида ишлаб чиқилганини маълум қилди.

Қонунда Давлат хавфсизлик хизматининг киберхавфсизликни таъминлашга, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритишга доир ваколатлари давлат органининг асосий қонунида мустаҳкамланмоқда.

Биринчи ўқишда ҳужжатга 104 депутат овоз берди, ҳеч ким бетараф бўлмади ва унга қарши чиқмади.

Парламент аъзоси ушбу ўзгартиришларни дарҳол иккинчи ўқишда қабул қилишни таклиф қилди.

ЎзЛиДеП депутати Дониёр Ғаниев «Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги қонуннинг 44-моддасига киритилган ўзгартиришга кўра, бош прокурор ва унга бўйсунувчи прокурорлар ўз ваколатлари доирасида Давлат хавфсизлик хизматининг фаолиятида қонунларнинг тўғри ва бир хилда ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириши юзасидан савол берди.

Мазкур моддага Давлат хавфсизлик хизмати фаолиятини ташкил этиш усуллари, шакллари ва махсус воситалари ҳақидаги маълумотларни прокурор назорати предметидан чиқариб ташлаш назарда тутилган учинчи қисм қўшилмоқда.

«Бу норма қўшиладиган бўлса, мазкур модданинг биринчи қисмига зид бўлмайдими? Агар ушбу маълумотлар прокурорга назорат қилиш учун тақдим этилмаган бўлса, прокуратура органлари ходимлари ўз ваколатлари доирасида Давлат хавфсизлик хизмати фаолиятида қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан қандай назоратни амалга оширадилар, агар ушбу маълумотлар уларнинг назорати предметига киритилмаган бўлса?» — сўради Дониёр Ғаниев.

Козимжон Тожиев Давлат хавфсизлик хизматининг процессуал ҳаракатлари прокуратура назорати объекти бўлиб қолади, деб жавоб берди. Унга кўра, ўзгартиришлар фақат хизмат фаолиятини амалга оширишнинг усуллари, шакллари ва махсус воситаларига таъсир қилади.

«Бошқа ишлар прокуратура назорати остида бўлади», — деди у.

Дониёр Ғаниев жавобни тушунмаганини айтиб, яна сўради: «Агар прокурор Давлат хавфсизлик хизмати фаолиятини ташкил этишнинг қўлланилаётган усуллари, шакллари ва махсус воситалари тўғрисида маълумот олмаса, умумий фаолиятнинг қонунийлигини қандай назорат қилади? Биринчи қисмида [назорат қилиш учун] ваколатлар берилган, учинчи қисмида эса танишиш ёки назорат қилиш назарда тутилмаган. Бу учинчи қисм биринчи қисмга тўсқинлик қилиб қоладику, зид бўлиб қоладику иккаласи», — деди депутат.

Тожиев ўз жавобини такрорлаб, фаолиятни ташкил этишнинг Давлат хавфсизлик хизматининг ёпиқ қарорлари билан белгиланган усуллари, шакллари ва махсус воситалари қонун ҳужжатларига мувофиқ қўлланилишини таъкидлади.

Қонуннинг 5-моддасига кўра, Давлат хавфсизлик хизмати ўз фаолиятини давлат хавфсизлигини таъминлашнинг махсус воситалари, шакллари ва усулларидан фойдаланган ҳолда амалга оширадиган махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Қонун учинчи ўқишда қабул қилинди, бу сафар бир депутат бетараф қолди.