29 июнь куни БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Марказий Осиё давлатларига сафар қилади. БМТ ахборот хизмати хабарига кўра, у аввал Ўзбекистонга, сўнгра Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистонга ташриф буюради. Гутерриш минтақага сўнги бор 2017 йилда ташриф буюрган эди. Жорий саёҳат 7 июлга қадар давом этади.

БМТ бош котиби матбуот хизмати раҳбари Стефан Дюжаррик жума куни Нью-Йоркда бўлиб ўтган брифингда Гутерриш ҳар бир мамлакатда давлат раҳбари ва юқори мартабали ҳукумат вакиллари билан учрашишини, иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича лойиҳалар билан танишишини, шунингдек, маҳаллий фаоллар билан мулоқот қилишини айтди.

4 июль куни БМТ бош котиби Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Остонадаги саммитида иштирок этади. Гутерриш ўз нутқида БМТ Низоми ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига асосланган кўп томонлама тамойилларга содиқликни яна бир бор тасдиқлаш зарурлигини айтади. У бу саъй-ҳаракатларнинг марказида тинчлик бўлиши кераклигини таъкидлайди.

БМТ бош котиби, шунингдек, халқаро ҳамжамиятни геосиёсий тафовутлар умумий таҳдидларни, жумладан, иқлим ўзгаришига қарши курашни самарали бартараф этишга имкон бермаслигидан огоҳлантирмоқчи.