28 июнь куни Вазирлар Маҳкамасаининг «Оммавий тадбирларни ўтказишда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш бўйича талабларни кучайтириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга мувофиқ, оммавий тадбирларда фуқароларни реклама, акция ва бошқа мақсадларда озиқ-овқат, буюмлар ҳамда бошқа маҳсулотлар ва товармоддий бойликларни бепул тарқатиш тақиқланди. Қолаверса, ҳаддан ташқари арзонлаштирилган нархда сотиш орқали жалб қилиш ҳам мумкин эмас.

Мазкур қарор бўйича назоратни Миллий гвардия ва Ички ишлар вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда амалга оширади ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилишини таъминлайди.

Жорий этилаётган талабнинг мақсади, мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида тушунтиш ишлари олиб борилади.

Янги қарор 29 июндан кучга кира бошлади.

Эслатиб ўтамиз, июнь ойи бошида Тошкентда Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида ташкил этилиши режалаштирилган «текинга нарса тарқатиш» акциялари сабабли транспорт ҳаракатида 10 балли тирбандлик ва боғларда одамларнинг тўпланиб қолиши кузатилганди. Хусусан, «Ашхобод» кўнгилочар боғида пойтахт аҳолиси ва меҳмонлардан иборат 40 мингга яқин одам тўпланган.

Ҳолатлар ортидан кўнгилочар боғи директори, унинг ўринбосари ва реклама бўлими бошлиғи оммавий тадбирлар ўтказиш қоидаларини бузгани ва бошқа ҳуқуқбузарликлар учун 15 суткага қамалган.