Шавкат Мирзиёев 28 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишда ёз фаслида ёшларни иш билан таъминлаш бўйича таклифларни билдирди.

Вилоят, туман ҳокимларига ёз мавсумида мактаб, техникум, олийгоҳ, истироҳат боғларида меҳнат ярмаркаларини ўтказиш топширилди. Бу орқали вакант ўринларга камида 150 минг ёшларни ишга жойлаштириш мумкин.

Президент ёз ойларида қурилиш отрядларини ташкил этиб, 100 минг ёшларни ойлик берадиган ишларга жалб қилиш муҳимлиги қайд этди.

Давлат раҳбари тадбиркорларнинг ёшларни касбга ўқитиш ва ишга жойлаштириш борасидаги ташаббуслари бундан буён ҳам қўллаб-қувватланишини таъкидлади.

2024/2025 ўқув йилидан бошлаб мактаб, коллеж, техникум ўқувчиларини касбга ўргатиб, иш бераётган тадбиркорларнинг бу харажатлари солиқ базасидан чегириб ташланади. Ўқувчиларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқ 1 фоиз қилиб белгиланади.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, мактаб, коллеж, техникум, олийгоҳ спорт заллари ва кутубхоналари, стадион ва бассейнлар маҳалла ёшларига хизмат қилишини таъминлаш муҳимлигини қўшимча қилди. Мавсумда спорт мусобақалари, ижодий танловлар, кино кунлари ўтказилиши маълум қилинди.

Ўша йиғилишда президент SAT (АҚШ университетларга кириш учун стандартлаштирилган тест) имтиҳонидан 75 фоиздан юқори натижа олган ёшлар ОТМга грант асосида қабул қилинишини билдирганди. Қолаверса, 73 та академик лицейда «Халқаро бакалавриат» ва A-level дастурлари жорий қилинади, уларни битирганлар олийгоҳларга имтиҳонсиз киради.

Бундан ташқари, техникумларни аъло баҳоларга битирганлар халқаро классификаторга мос келувчи диплом олади. Улар олийгоҳда иккинчи ёки учинчи курсдан бошлаб шартнома асосида ўқишни давом эттириши мумкин бўлади. Президент мактаблари агентлиги ҳузурида Олимпиадаларга тайёрлаш маркази ташкил этилади.