Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида фуқароларга cохта тўппонча ўқталиб, видео олган блогерга нисбатан суд ҳукми ўқилди, дея хабар бермоқда Ички ишлар вазирлиги.

Маълум қилинишича, блогер Қўқон шаҳрида жойлашган клубларнинг бирини реклама қилиш мақсадида сохта тўппончани фуқароларга ўқталган ва буни видеога олган. Сўнгра видеони ижтимоий тармоқларга жойлаган ва кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган.

«Видеода пистолетга ўхшаган ўйинчоқ бор эди. Қўқон шаҳар ички ишлар ходимлари мени чақирди. Қилган ишимдан пушаймонман. Ёшлар, бошқа қайтарманглар. Узр сўрайман», — деди у.

Ҳолат бўйича Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси (Майда безорилик) ва 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлаган.

Суриштирувлар давомида бу каби ҳуқуқбузарликлар фуқаро томонидан аввал ҳам бир неча маротаба содир этилгани аниқланган. Хусусан, январь ойида мазкур блогернинг Қўқон шаҳрида автомобиллар қатнайдиган йўлда столга ўтирганча овқатланаётгани акс этган видео тарқалганди. Бунинг учун унга жарима жазоси қўлланганди.